Самарқандда ҳар бир маҳалла обод масканга айланади
Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов маълум қилди.
Ҳокимнинг айтишича, “Обод маҳалла” дастури доирасида шаҳардаги Янги ҳаёт маҳалласида бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти. Ҳудудда реконструкция қилиниши режалаштирилган 61-мактабга 2 миллиард 964 миллион сўм маблағ сарфланмоқда.
Бундан ташқари, қайд қилинган дастур доирасида Янги ҳаёт билан бирга Дўстлик маҳалласидаги 9,5 километр ички йўл таъмирланяпти. Бу икки маҳаллада қишда лой, ёзда чанг бўладиган кўча қолмади, ҳисоб. Чунки ўтган давр мобайнида 8 километр ана шундай ички йўлга шағал тош тўкилиб, таъмирланди. Энг муҳими, асфальтлаш ишларидан олдин маҳаллаларда ички коммуникация тармоқлари - ичимлик сув ва оқова тармоқлари кўрикдан ўказилиб, зарур таъмирлаш ишлари амалга ошириляпти.
Умуман, ушбу маҳаллаларда 17,4 километр ичимлик сув ва оқова тармоқлари тортиляпти. Шунингдек, 14 километр пиёдалар йўлакларини қуриш ва таъмирлаш ишлари режалаштирилган.
Маҳаллаларда 270 та хонадон уй-жой фондининг ташқи қиёфасини яхшилаш режалаштирилган. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 7,7 километр тармоқ тортилиб, 2 та трансформатор ва 165 та таянч ўрнатиляпти.