Самарқандда ичимлик ва оқова сув тарифлари ўзгаради(ми?)

“Самарқанд сув таъминоти" МЧЖ ичимлик сувидан қарийб 2 миллиард сўм соф фойда олган, оқова хизматларидан 26 миллиард сўмдан кўпроқ зарар кўрган.

Оқибатда корхонанинг модернизация ишларига бир сўм ҳам сарфланмаган. Шу боис ичимлик суви нархини ошириш таклиф қилинмоқда.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бугун бўлиб ўтган сессиясида “Самарқанд сув таъминоти" МЧЖ директори К.Юсуповнинг “2021-2023 йилларга мўлжалланган ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини комплекс ривожлантириш дастури”га киритилаётган лойиҳалар ҳамда ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифлари юзасидан тақдимоти ўтказилди.

Унда қайд этилишича, бугунги кунда вилоятимизда 1 метр куб ичимлик сувига Самарқанд шаҳрида истеъмолчи аҳолидан 980 сўм, улгуржи истеъмолчилардан 2000 сўм, бошқа шаҳар ва туманларда истеъмолчи аҳолидан 680 сўм, улгуржи истеъмолчилардан 1200 сўм тўлов ундирилади.

Шунингдек, 1 метр куб канализацияга истеъмолчи аҳоли учун 550 сўм ва юридик истеъмолчилар учун 950 сўм тарифлар қўлланилади.

Мазкур тарифларни қўллаган ҳолда 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида ичимлик суви бўйича 30 миллиард 613 миллион сўм даромад олинган. Унинг 28 миллиард 689 миллион сўми харажатларга сарфланиб, 1 миллиард 924 миллион сўм соф фойда олинган.

Кўрсатилган оқова хизматлари бўйича эса 7 миллиард 69 миллион сўм даромад олиниб, 33 миллиард 386 миллион сўм харажат ҳисобланган. Оқибатда биринчи ярим йиллик 26 миллиард 317 миллион сўм зарар (рентабеллик даражаси  -500,3 фоиз) билан якунланган.

Амалга оширилган харажатлар асосан иш ҳақи, электр энергияси, солиқ тўловлари, хорижий кредитлар учун амалга оширилиб, жорий ва капитал таъмирлаш ишларига жуда кам миқдорда маблағ ажратилмоқда, корхонани модернизация қилиш ишларига умуман маблағ ажратилмаган.

Яъни, амалдаги тарифлар орқали олинаётган даромадлар корхонанинг кундалик мажбурий тўловлари учун ҳам етмаяпти. Амалда эса эскирган тармоқлар ва иншоотларни янгилаш, насосларни энергияни тежовчиларига алмаштириш каби муҳим вазифалар турибди.

Шу боис корхона даромадини ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида тарифлар, яъни нархни ўзгартириш таклифлари ишлаб чиқилмоқда.

Сессияда билдирилишича, таклифлар тегишли тартибда навбатдаги сессия муҳокамасига киритилади.