Самарқандда имконияти чекланган шахматчилар учун ДХХ кубоги вилоят босқичи бўлиб ўтди

Бугун Самарқандда ўтказилган спортнинг шахмат тури бўйича 16-30 ёшгача бўлган имконияти чекланган шахматчилар ўртасида Ўзбекистон республикаси давлат хавфсизлиги кубоги мусобақалари муросасиз баҳсларга бой бўлди.

Якуний натижаларга кўра, ўғил болалар ўртасида Илҳом Расулов шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди. Умид Абдуллаев иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Беҳрўз Бахтиёров учинчи ўрин билан кифояланди.

Қизлар ўртасидаги беллашувларда Ирода Тиркашевага тенг келадигани топилмади. Дурдона Жуманова иккинчи, Ҳабиба Амонова учинчи бўлди.

Ушбу мусобақа Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Спортни ривожлантириш бош бошқармаси, Ўзбекистон шахмат федерацияси Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 апрел кунидан бошлаб, Самарқанд вилоятидаги 1126 та маҳаллаларда 7-30 ёшдаги ёшлар ўртасида спортнинг 9 та тури (футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат-шашка, стол тенниси, стритбол, wоркаут) бўйича “Беш ташаббус олимпиада”си доирасида оммавий спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.
Ушбу спорт мусобақаларида шахмат бўйича 52976 нафар ёшлар қамраб олинган.