Самарқандда ирригация-мелиорация тармоқларини ривожлантириш учун 330,6 миллиард сўм ажратилади

Кейинги уч йилда Самарқанд вилоятида 219 километр канал, 44,4 километр лоток тармоқлари реконструкция қилинади, 4 та суғориш қудуғи, 3 та гидротехник иншоот қурилиб, 17 таси реконструкция қилинади. Сув чиқариш қуввати 0,4 метр куб сония бўлган насос станцияси қурилиб, “Оқчобсой” сув омборида 9,3 километр ҳажмдаги ўзи оқар сув қувурлари қурилиши натижасида 1400 гектар майдон ўзлаштирилади. 2023 йилда умумий сув йиғиш ҳажми 21,4 миллион метр куб бўлган Ургут туманида “Чоштепа”, “Ғиждувон” ва Қўшработ туманида “Оқтепасой” сув омборини қуриш ишлари бошланади.

Аввал хабар берганимиздек, бу ҳақда вилоят Матбуот уйида Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Фарҳод Ражабов иштирокида “Вилоятда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2021-2023 йилларда ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

"Чоштепасой" сув омборининг курилиши натижасида 550 гектар, "Ғиждувон” сув омбори ҳисобига 1965 гектар ва "Оқтепасой" сув омбори ҳисобига 970 гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланади.

- Бунинг учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 330 миллиард 657 миллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган, - дейди Ф.Ражабов. - Мелиорация тадбирлари доирасида жами 34 та, шундан 17 та қурилиш ва 17 та объектда реконструкция тадбирларини амалга ошириш ҳамда ушбу тадбирлар учун 40 миллиард 750 миллион сўм маблағ ажратилади. Мелиорация тадбирлари натижасида 90,4 километр коллектор-дренаж тармоқлари, 5 та гидротехник иншоот қурилиб, 1 та қувурли ўтиш жойи, 3 та кўприк, 6 та гидротехник иншоот, 300 та назорат қудуғи ва 1 та гидропост реконструкция қилинади. Натижада вилоят бўйича жами 1965 гектар янги ер майдонлари ўзлаштирилади. 68 минг 616 гектар ер майдонларининг сув таъминоти ва қарийб 46 минг 400 гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.