Самарқандда “Китобхонлик ҳафталиги” иш бошлади
Бугун Пушкин номли вилоят ахборот-кутубхона марказида “Китобхонлик ҳафталиги” очилди. Аҳоли ва ёшлар ўртасида китоб мутолаасини тарғиб этиш ва китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда “Ўқинг, янги китоблар!” кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари ўртасида “Ўқиган энг яхши асарингиз қайси?” мавзусида сўровнома ўтказилди. Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра музейи ҳамкорлигида “Санъат оламига саёҳат” кўчма кўргазмаси ташкил қилинди.
- Ёшларни миниатюра санъатига қизиқтириш ва бу санъатни қайтадан ривожлантириш мақсадида ўз кўргазмаларимиз билан Самарқандда қатнашяпмиз, - деди миниатюрачи рассом, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Камол Мирзаев.
Самарқандда “Китобхонлик ҳафталиги” 9 апрелгача давом этади. Унда “Энг яхши китобхон оила” танлови, “Севган кутубхонамга китоб тақдим этаман” акцияси, турли ижодий кечалар, илмий ва бадиий адабиётлар тақдимоти бўлиб ўтади.