Самарқандда кўчадаги велопойгалар пиёдаларга ва электромобилларга хавф туғдирмоқда
Дарҳақиқат, бугун Самарқанд шаҳрига келган меҳмонлар ва маҳаллий аҳоли учун бир қанча қулайлик яратилиб, замонавий хизматлар йўлга қўйиляпти. Ислом Каримов кўчасида якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёшлар сайр қилиши учун велосипед ижараси ҳам ташкил этилган. Айни пайтда ушбу ҳудудда 200 тадан зиёд велосипед бор.
Бу яхши, албатта, аммо бу хизматдан фойдаланувчиларнинг айримлари велосипедни бошқаришни яхши билмаслиги ёки ёшларнинг велосипедда ўзаро пойга уюштираётгани сайёҳларга ноқулайлик туғдирмоқда. Баъзан пиёдаларни уриб кетиш, меҳмонларга хизмат кўрсатаётган электромобиллар билан тўқнашув содир этилаётгани ҳудудда бир қанча тартибсизликларни юзага келтиряпти.
– Бу майдонда велосипедларнинг ҳаракатланиши бизга халақит беради, – дейди электромобиль ҳайдовчиси Фаррух Ҳусенов. – Машинада ҳаракатланиб кетаётган пайтда улар кутилмаганда олдимизда пайдо бўлиб қолади. Рулни у ёки бу томонга кескин буришнинг иложи йўқ. Боиси, ҳар икки томонда ҳам пиёдалар бор. Яқинда бир бола велосипедда кета туриб, бошқарувни йўқотди ва тўхтаб турган машинамга келиб урилди. Боланинг у ер-бу ери лат еди-ю, ҳарқалай жиддий жароҳатланмади. Сўнгги пайтларда велосипед ҳайдаётган болаларнинг пиёдаларни уриб кетаётганига тез-тез дуч келяпмиз. Лекин ҳеч ким бу ҳолатни тартибга солишга қизиқмаяпти.
Бу ҳақда ушбу хизматни ташкил этган тадбиркорлар билан суҳбатлашганимизда гўё ҳаммаси жойида, шу кунгача велосипед билан боғлиқ ҳеч қандай кўнгилсизлик юз бермаганини айтишди.
– Фаолиятим "Ягона дарча" томонидан қонуний рўйхатдан ўтказилган, – дейди тадбиркор Мансур Аҳмедов. – Тасарруфимда 20 та велосипед бор. Мижозларнинг бирортаси пиёда ёки бу ерда ҳаракатланаётган электромобилларга тўқнашгани йўқ. Велосипедни ижарага беришдан олдин уларга секин ҳайдашни, бошқарув жараёнида эҳтиёт бўлишни тайинлаймиз.
Аммо ушбу ҳудудда сайр қилиб юрганлар билан гаплашганимизда уларнинг фикри бошқача. Кўпчилик бу ердаги велосипедлар ҳаракати туфайли ёш болалар билан айланиш хавфли бўлиб қолгани, йигит-қизларнинг тун ярмигача бақир-чақир қилиб, велосипед миниб юришини айтишди.
Савол туғилади – доим одамлар билан гавжум бўладиган бу ҳудудда велосипед ҳаракатланиши мумкинми? Бу ерда велосипед ижарасини ташкил этиш-чи?
Самарқандга келган хоҳ хорижий, хоҳ маҳаллий сайёҳ бўлсин, тарихий обидаларни томоша қилиш, бундан эстетик завқ олишни истайди. Бундай пайтда уларга халақит берувчи ҳар қандай омил меҳмонларга малол келиши табиий. Велосипед ҳайдовчиларининг, пиёдаларнинг хавфсизлик масаласи ҳам бор. Велосипед ҳайдовчиси электромобилга бориб урилганда бирор кўнгилсиз ҳодиса юз бермайди, деб ким кафолат беради? Ота-онаси билан сайрга чиққан болани уриб кетганда, у жиддий жароҳат олмаслигига-чи?
Хўш, бу ҳақда мутасадди идоралар масъулларининг фикри қандай?
Олим СОННИБОЕВ.