Самарқандда нималар ўзгарди, нима ўзгармади? Хориждан қайтган ватандош мактуби (Биринчи мақола)

Умумий ҳолатим шундай: Катта шаҳарлардан чарчаганим учун тинчгина кичкина ва ҳамиша навқирон Самарқандимда яшаб ишлай қоламан деган ниятда келдим. Ҳозирча аниқ қарорда эмасман, ўрганяпман. 

*

Бугун атайлаб юрдим, Самарқанд шаҳрини у бошидан бу бошигача пиёда 2.5 соатда келарканман. Баҳонада Самарқанддаги ўзгаришларни кўрдим, кузатдим, таҳлил қилдим, ҳатто ўзим кўп йиллар яшаган бу шаҳарнинг баъзи жойларида адашиб кетдим ҳам. Самарқандда ҳақиқатан ҳам ўзгаришлар жуда катта. Бундан хурсанд бўлдим. Айниқса, уй-қурилиш соҳасида анча-мунча тажриба тўплашгани билинди. Ўзгаришлар қамровида Европача устунлик яққол билинган, бу ҳам яхши кўрсаткич. Дўконлар ва бозорлардаги нархларда рақобат бор (шахсан менга дўкондаги молларнинг нархи маъқул келди). Келган кунларим нархлар арзондек келаётган эди, лекин нарх-наволарда бироз қимматлик борлигини бугундан сеза бошладим. Ҳа яна бир нарса, Самарқандда хитойча лавҳалар ва ёзувлар ҳам кўпайиб қолибди.

*

Бизда энг катта муаммо оммага хизмат кўрсатиш жойларида сервиснинг жуда ҳам оқсоқ эканлигини, мана шу жабҳада ёшларимизни ўқитиш ва уларни иш билан таъминлаш кераклигини кўрдим (масалан, дўконларда, машина ювиш нуқталарида, бозорларда, қўйингки, хизмат кўрсатиш секторининг барчасида ёшларимизга алоҳида ўқув ва амалий дастур асосида таълим берилиши керак экан.) Умид қиламанки, бу жиҳат ҳам ҳисобга олиниб, даромад манбаига айлантирилади.

*

Бугунги энг муҳим воқелардан бири эса Самарқанд Архитектура институтинг ректорлик лавозимида ишлаб келаётган Туркиялик олима Чидем Туркйилмаз билан танишиш бўлди. Замонавий таълим масалаларида суҳбатлашдик. Хулосам: таълим тизимида хорижий малакали мутахассисларни жалб этишда давом этиш керак.

Фазлиддин Мадиев,

Анқара ҲБВ (Туркия) университети халқаро алоқалар бўлими докторанти.