Самарқандда одам савдоси жиноятини содир қилган аёлга тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилди
Биринчи инстанция суди унга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. Ашёвий далил деб эътироф этилган Самарқанд шаҳар ИИБ депозит ҳисобига топширилган 22 миллион сўмдан кўпроқ пул давлат эгалигига ўтказилган.
Савол туғилиш табиий: ожизанинг қилмишига нима учун енгилроқ жазо тайинланмади? Жиноятининг асл моҳияти нима бўлган?
Аниқланишича, судланувчи Кенжа Валиева (исм-фамилиялар шартли) 5 нафар аёл таниши билан профессионал тарзда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан тил бириктириб, уюшган гуруҳ тузган.
Кенжа Валиева раҳбарлигида ушбу гуруҳ 2018 йил август ойидан 2020 йил октябрь ойига қадар Самарқанд шаҳрининг турли нуқталаридаги уйларда вилоятларидан келган енгил
табиатли қизларни моддий жиҳатдан ночор аҳволда эканлигидан
фойдаланган. Яъни, улар 20 нафарга яқин қизларни ижарага бошпана беришни, моддий жиҳатдан таъминлаб келишни ваъда қилиб, аслида уларни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган.
Фуқаролик паспортлари Кенжа Валиева раҳбарлигидаги гуруҳ томонидан олиб қўйилган қизлар орасида вояга етмаганлари ҳам бўлган.
Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари бу қизларни фоҳишалик билан пул топиши мақсадида ёллаб, фойдаланиб, ҳар биридан кунлик 200 минг сўмдан 500 минг сўмгача миқдорда пул топишга мажбурлаган.
2020 йил 25 октябрдан қамоқда сақланаётган гуруҳ раҳбари қилмишидан пушаймонлиги, ҳаракатларининг оқибатини
тушуниб етганлиги, қарамоғида 4 нафар фарзанди борлигини эътиборга олиб тайинланган жазони камайтириш ҳақида арз қилган.
У ўз шикоятида жабрланувчининг даъвоси йўқлигини, оилавий шароити ва аёллигини инобатга олишни сўраган.
Шикоят жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аппеляция инстанциясида кўриб чиқилди.
Аппеляция инстанциясига кўра, К.Валиеванинг жинояти ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали айбдорга моддий ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан амалга оширилган, деб тўғри баҳоланган.
Биринчи инстанция суди уни жамиятдан ажратмасдан туриб ахлоқан тузатиш имконияти мавжуд эмас деб ҳисоблаб, айбланган моддаси санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазони тайинлаб, қонуний ва адолатли тўхтамга келган.
Тайинланган жазони енгиллаштириш учун асослар мавжуд эмас, деб топилиб, шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилди.