Самарқандда ўнлаб немис миллати оилалари яшайди
Бугунги кунда вилоятимизда 120 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилиб келади. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги “Дўстлик уйи”да вилоят немис миллий маркази фаолият олиб боради. Вилоятда немис миллатига мансуб 100 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Улар орасида тадбиркорлар, ўқитувчи, қурувчи, шифокор ва бошқа касб эгалари бор.
- Она Ватан юракда бўлади, - дейди немис диаспораси фаоли, 73 ёшли Валентина Алиева. - Турли миллат ва элатларга бағрини очадиган маконда оға-ини, дўст-биродар, қуда-анда, бир халқ бўлиб, аҳилликда умргузаронлик қилиб келяпмиз. Шу сабаб ҳам бир мақсад атрофида дарров бирлашамиз.
Самарқанд шаҳридаги немис тилига ихтисослашган 51-умумтаълим мактаби ўқувчилари 1-синфданоқ мазкур тилни чуқурлаштирилган ҳолда ўрганиб боришади. Немис миллатига мансуб аҳолининг фарзандлари ҳам шу мактабга қатнаб ўқийди.
- Ҳукуматимиз ва Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан марказимиз немис тилидаги газета ва журналлар, китоб ва бошқа ўқув қуроллари билан таъминланган, -дейди вилоят немис миллий маркази раиси Наталя Клётсер. – Фарзандларимиз улар билан танишиб, немис миллий маданияти, урф-одатлари ва қадриятларини ўрганиб боришмоқда. Шунингдек, ўнлаб ёшларимиз марказда ташкил этилган тўгаракларда немис тилини ўрганиш билан бирга она Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, миллий либослар бичиш ва тикишни ўрганиб боришади. Юртимизда ўтаётган Мустақиллик, Наврўз, Конституция байрамларда, фестивалларда нафақат ашула ва рақс гуруҳимиз билан балки штрудел, ревалкухе, пуделсуп каби немис миллий таомлари билан ҳам иштирок этамиз.
Марказ аъзолари – мамлакатимиздаги бошқа немис миллий марказлари вакилларидан ташқари Германияда яшовчи немислар билан ҳам ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатишган.
Марказ вакиллари Самарқанд давлат чет тиллар институти талабалари Т.Османова ва К.Трошина малака ошириш мақсадида Германияга бориб, аждодларининг маданияти, куй-қўшиқлари, яшаш тарзи, урф-одатларини ўрганиб келишди.
Икки йилдан буён Германия, Австрия, Франция, Швеция давлатларида истиқомат қилаётган немис миллатига мансуб 26 нафар сайёҳ юртимизга саёҳат қилиб, нафақат немислар, балки маҳаллий аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишадилар.
- Ўзим қишлоқда яшайман, улар ҳар сафар ҳовлимизга келиб, меҳмон бўлиб кетишади, -дейди В.Алиева. – Қўшниларимиз оддий ўзбек оиласининг яшаш шароити ва ҳаёти билан қизиқишади. Аёлларимизнинг кашта тикаётган, нон ёпаётган, палов пишираётган ҳолатларини суратларга олишади. Тўйларимизга келиб, меҳмон бўлишади, рақсларга тушиб, бағрикенг ва меҳмондўст халқимиз билан яқиндан танишади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.