Янги раҳбар «чернобилчи»лар муаммоларини ҳал қила оладими?

Самарқанд шаҳридаги «Дўстлик уйи»да бўлиб ўтган Чернобилчилар уюшмаси вилоят бўлимининг конференциясида уюшманинг янги раҳбари сайланди.

Маълумки, 1986 йилнинг 26 апрелида Чернобиль атом электростанциясида кучли портлаш натижасида содир бўлган авария оқибатларини бартараф этишда минглаб самарқандликлар ҳам иштирок этган эди. Бугунги кунда уларнинг кўпчилиги орамизда йўқ. Чунки, нурланиш сабабли юзлаб инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлган техноген фалокат юртдошларимизнинг ҳам умрига зомин бўлди.

- Вилоятимизда истиқомат қилаётган атом электростанция авариясини бартараф этишда иштирок этганлар сони йилдан йилга камайиб бормоқда, - дейди собиқ «чернобилчи» Комилжон Раҳмонов. – Чунки улар радиация ўчоғида ҳаракат қилганлиги сабабли кучли нурланишга учраб қайтишган. Ўтган 38 йил ичида уларнинг кўпчилиги вафот этишди.        

Орадан шунча йил ўтган бўлса-да, радиация таъсири ҳамон ўз сўзини айтиб келмоқда. Минглаб юртдошларимиз нурланиш натижасида саломатлигини йўқотган. Ҳозирда уларнинг бор-йўғи 226 нафари ҳаёт.

«Дўстлик уйи»да ўтказилган тадбирда Баҳодир Сафаров Ўзбекистон Чернобилчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси этиб сайланди. Шунингдек, комиссия раиси ва котиби ҳам сайлаб олинди. Аъзолар иштирокида ўтган раёсат йиғилишида уларнинг солиқ, пенсия ва нафақа, саломатликларини тиклаш учун бериладиган ордерлар масаласидаги муаммолари муҳокама қилинди.

- Қарийб ўн йилдан буён уюшманинг вилоят бўлимига раҳбар йўқлиги сабабли ташкилотнинг фаолияти деярли тўхтаб қолган эди, – дейди Баҳодир Сафаров. – Шу сабабли кўпчилик чернобилчилар ўз имтиёзларидан етарлича фойдаланмай келишган. Уларнинг кўпчилиги солиқ, ногиронликни аниқлаш, пенсия ва даволаниш учун ордер олишда кўплаб муаммоларга дуч келган.

Йиғилишда барча шаҳар ва туманлардан чернобилчилар иштирок этиб, ўз фикрларини баён этишди. Маълум бўлишича, бир қатор туманларда уюшманинг филиаллари фаолият кўрсатмаётганлиги, уларга ҳатто бино ҳам ажратилмаганлиги, шунингдек, айрим чернобилчилар ўз муаммолари билан кимга мурожаат қилишларини билмасликларини таъкидлашди.            

Тадбирда Чернобиль фалокати қатнашчиларининг саломатлиги, уларнинг ижтимоий ҳимояси, тиббий муҳофазаси доимий эътибордаги эканлиги, бу борада мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланди ва ташкилот олдидаги вазифалар белгилаб олинди.    

Дилмурод ТЎХТАЕВ.