Сочсиз, тишсиз одамлар – Чернобиль фожиаси асорати

Чернобиль... Украинадаги бу кичкина шаҳарчанинг номи, бундан 10 йил илгари кўпчиликка яхши маълум эмасди. 1986 йилнинг 25 апрелидан 26 апрелига ўтар кечаси Атом электр станциясининг 4-блокидаги авариядан сўнг бу шаҳар бутун жаҳонга «машҳур» бўлиб кетди. Орадан кўп вақт ўтмай авария оқибатларини тугатиш учун Республикамиздан ҳам минглаб «кўнгилли»лар Чернобилга жўнатилди. Аслида оддийгина авария деганлари кўплаб, одамлар ҳаётига зомин бўлган йигирманчи аср фожиаси эди. Дастлаб собиқ СССР партия ва Совет ҳокимияти авариянинг асл сабаблари ва қурбонларини халқдан яширмоқчи бўлди. Шу йилнинг ёзида чет эллик журналистларни авария яқинига йўлатишмади.

Май ойининг бошларида Германия, Голландия ва  бошқа давлатлар ўз халқига мурожаат қилиб, советлар мамлакатидан экспорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилмасликка, бу юртга саёҳат уюштирмасликка ундади.

Чернобилга 400 дан ортиқ чет эл журналистлари ва мутахассислар ташриф буюргандан кейин – 1987 йилнинг февраль ойидан халқаро “Комбинат” алоқа ишлаб чиқариш бирлашмаси дастлабки хабарларни чет элга узатишни бошлади. Чернобиль аварияси оқибатларини тугатиш учун катта маблағ ва куч сарфланди. Бу ҳаракатларга 40 дан ортиқ министрлик ва йирик идоралар жалб этилди. 260 минг киши ушбу сафарбарликда иштирок этди. Аниқроқ қилиб айтганда, бу фожиа мамлакатда ўша пайтда 8 миллиард сўмга тушди. Тез орада Чернобиль фонди ташкил этилиб, банкларда 904-номерли ҳисоб очилди. Қисқа вақт ичида бу ҳисобга собиқ СССР шаҳар ва қишлоқларидан, фуқаролардан 540 миллион сўм чет эллардан 2.7 миллион доллар келиб тушди. Авариянинг дастлабки кунларидаёқ 237 киши кучли нурланиш олгани маълум бўлди. Тез орада Киев ва Минскда нурланиш касаллигини даволовчи касалхоналар иш бошлади. Бу касалликни  даволовчи мутахасислар камлигидан чет эллик врачларга мурожаат қилишга тўғри келди. Барибир бу касаллик оқибатида (кучли нурланган) кунига ўнлаб одамлар нобуд бўлди. «Юнайтед пресс» агентлигининг  хабарига қараганда авариядан кейинги икки йил ичида 2 минг киши ўлган.

“Советская Белоруссия” ва  “Вечернее Минск”  газеталарининг ёзишича, авариядан кейин 2 соат ичида 30 километрлик радиусдаги аҳоли зудлик билан хавфсиз зоналарга кўчирилган. Ҳатто, уларнинг айримлари бир сидра кийим-бош билан уй-жойини ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Уй – жойларини ташлаб чиқиб кетганлар учун қисқа вақт ичида энергетиклар шаҳри – Славутичда 21 минг уй, 15 мингта квартира, 800 та маиший ва маданий бинолар қурилди. Қариялар, болалар ва аёллар бошқа республикаларда ойлаб ўз соғликларини тиклашди.

Тўғри, авария сабабчилари бўлган АЭС директори В.Брюханов, бош муҳандис Н.Фолгин, бош муҳандис ўринбосари А.Дятлов суд ҳукми билан 10 йилдан озодликдан маҳрум этилдилар. Шунингдек, смена бошлиғи И. Рошткин, реактор цехи бошлиғи А.Кадаленко, собиқ СССР Госатомэнергонадзор инспектори Ю.Паушкинлар турли муддатларга қамалди.

Гуё шу билан ҳақиқат қарор топди. Аслидачи?  Ҳозирги  пайтда ҳам Гомель, Минск, Мозыр, Гродно шаҳарларида бўлсангиз ёш-ялангларнинг сочсиз ва тишсиз юрганини кўриш мумкин. Бу касаллик эмас — Чернобиль асорати.

 Бундан кейин ҳеч кимнинг бошига чернобилликларнинг куни тушмасин.

Интернет материаллари асосида

Иззатулла Норқувватов тайёрлади.