Самарқандда карантин қоидаларини бузганларга 2183 та маъмурий баённома, иккита жиноий ҳолат расмийлаштирилган
Коронавирус инфекциясининг Самарқанд вилояти ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, туманлардан Самарқанд шаҳрига кириб келувчи 27 та кўчада блок-постлар ташкил қилинган. Унда ЙҲХБ, божхона бошқармаси, Миллий гвардия, пост-патруль хизмати, санитария эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда ИИБ жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан ҳар битта автомобиль ҳайдовчиси ва йўловчининг ҳужжатлари текширилмоқда. Шаҳар ичига киритилаётган автомашиналар дезинфекция қилингач, ҳаракатланишга рухсат этилмоқда.
Бошқа вилоятлардан Самарқанд вилоятига олиб кирувчи жами 5 та карантин постлари ташкил этилган. Жумладан, Омонқўтон ЙПХ маскани, “Меҳнаткаш”, “Мирбозор” ЙПХ маскани, “Штаб ЙҲХ”, “Юқори нуқта” блок-постлари фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу постлар орқали асосан тегишли ҳужжатлари бўлган юк ва ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўтказилмоқда.
Карантинга олинган фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва карантин ҳолати қоидалари бузилишининг олдини олиш мақсадида ИИБ, Миллий гвардия, мудофаа ҳамда фавқулодда вазиятлар бошқармалари ходимларидан иборат қарийб 1000 кишилик шахсий таркиб жалб қилинган.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 2 апрель санасига қадар карантин қоидаларига риоя қилмаган фуқароларга нисбатан 2183 та маъмурий баённома ҳамда 2 та жиноий ҳолат расмийлаштирилган.
Вилоят наркология диспансерида 16 мартдан бугунги кунгача 21 та маст ҳолатда автомобиль бошқариш қайд қилинган.