Самарқандда қарзни тўлаган корхонага оид иш тугатилди. Лекин у 3 миллион 552 минг 882,28 сўм давлат божи тўлайди

Вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «OSUDA TEKSTIL» масъулияти чекланган жамиятидан 177 миллион 644 минг 114 сўм асосий қарз ҳамда 88 миллион 822 минг 57 сўм пеняни ундиришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан ва суд мажлиси муҳокамасида аниқланишича, вилоят ҳокимининг 2018 йил 13 июндаги қарори ҳамда 2018 йил 27 сентябрдаги фармойиши билан, ҳокимлик ҳузуридаги ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссиясининг йиғилиш баёнига асосан «OSUDA TEKSTIL» масъулияти чекланган жамиятига текстил фабрикасини қуриш учун ер майдони ажратиш белгиланган.

Иштихон тумани ҳокимининг 2018 йил 17 майдаги қарорига мувофиқ, «OSUDA TEKSTIL» масъулияти чекланган жамиятига Иштихон тумани М.Жўраев массиви ҳудудидан 48 балли 3 гектар суғориб ҳайдаладиган ер майдони ажратилиб, қишлоқ хўжалиги нобудгарчилигининг ўрнини қоплаш учун 177 миллион 644 минг 114 сўмни вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг махсус ҳисоб-рақамига тўлаш юклатилган.

Даъвогар - вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан жавобгар «OSUDA TEKSTIL» масъулияти чекланган жамиятига 2020 йил 10 январда талабнома юбориб, текстил фабрикасини қуриш учун ажратилган ер майдонининг қишлоқ хўжалиги нобудгарчилигининг ўрнини қоплаш учун ҳисобланган маблағни тўлаб беришни сўраган бўлса-да, талабнома жавобгар томонидан ижросиз қолдирилган.

Бироқ судга даъво аризаси киритилгандан кейин жавобгар асосий қарзни тўлаб берган. Шу сабабли даъвогар судга ариза билан мурожаат қилиб, даъво талабининг 88 миллион 822 минг 57 сўм пеня ундириш қисмидан воз кечишини маълум қилган.

Суд мажлиси муҳокамасида иштирок этган жавобгар вакили қўшимча ҳужжатлар тақдим этиб, бугунги кун ҳолатида барча асосий қарздорликлар тўлаб берилганлигини, даъвогар вакили томонидан тақдим этилган даъво талабининг пеня қисмидан воз кечиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантириб беришни сўради.

Даъвогарнинг талаблари у судга мурожаат қилганидан сўнг жавобгар томонидан ихтиёрий равишда қаноатлантирилса иқтисодий процессуал кодексга асосан суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилади.

Шу боис суд даъво талабининг 88 миллион 822 минг 57 сўм пеня ундириш қисми бўйича иш юритиш тугатилса-да, жавобгар «OSUDA TEKSTIL» масъулияти чекланган жамиятидан Республика бюджети ва суд ҳокимиятини ривожлантириш жамғармасига 3 миллион 552 минг 882,28 сўм давлат божини ундириш белгиланди.

Шунингдек, жавобгардан вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси фойдасига ихтиёрий тўланган 17 минг 840 сўм почта харажати ундириладиган бўлди.

Н.ТУРСУНОВА,

иқтисодий ишлар бўйича Иштихон туманлараро суди судьяси.