Самарқандда сув йўллари қачон тартибга тушади?
Азалдан ҳар қандай шаҳар ичидан оқиб ўтувчи ариқ ва каналларга катта эътибор билан қараб келинган. Сувини доимо тоза сақлашга, ариқлар атрофини ободонлаштиришга жиддий муносабатда бўлишган. Ахир сув манбалари биринчидан, аҳолини об-ҳаёт билан таъминлаган бўлса, иккинчидан, шаҳар иқлимини мўътадаллаштириб экинлар, дов-дарахтларни суғориб турган.
Минг афсуски, Самарқанд шаҳри ичидан оқиб ўтувчи қадимий ариқ ва каналларимизнинг аҳволи қандай? Ушбу масала бугунги кунда оғриқли нуқтага айланди. Чунки йиллар давомида мавжуд сув манбалари эътиборсизлик ва бепарволик оқибатида жиддий таъмирталаб бўлиб қолмоқда, ариқлар ичи ҳамда атрофлари турли чиқиндига тўлиб, қирғоқларида ўзбошимчалик билан бинолар қурилди. Бу аҳвол на раҳбарларни, на жамоатчиликни ташвишга солмади.
Ниҳоят Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 17 апрелда «Самарқанд шаҳри ҳудудидаги каналлар ва коллектор-дренаж тармоқларининг ҳолатини яхшилаш ва атрофини ободонлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори, шу асосида вилоят ҳокимининг 2019 йил 24 апрелдаги қарори эълон қилинди.
Мазкур қарорга асосан, Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси таркибида юридик шахс ташкил этмасдан Самарқанд шаҳри ҳудудидаги каналлар ва коллектор-дренаж тармоқларидан фойдаланиш бўйича ихтисослашган бўлим ташкил қилинди.
Ушбу бўлимнинг асосий вазифалари каналлар ва коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда улардаги гидротехника иншоотларнинг ишончли ишлашини таъминлаш, каналлар ва коллектор-дренаж тармоқларини тозалаш ва таъмирлаш ишларини комплекс равишда яхшилаш, ушбу тармоқлар атрофини ободонлаштириш ишларини экологик ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ амалга ошириш, реконструкция қилиш, ажратилган маблағлар, моддий-техник ресурслари, асосий воситалари ва техникадан самарали фойдаланишдан иборат этиб белгиланганди. Шунингдек, ихтисослашган бўлим ташкил этилиши муносабати билан Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бир ой муддатда мазкур қарорга мувофиқ тасдиқланган асосий воситаларни Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармасига топшириши, ихтисослашган бўлим Самарқанд шаҳри, Абдулла Набиев кўчаси, 13-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш учун жойлаштирилган. Аммо бино бугунги кунда таъмирталаб аҳволда турибди.
Самарқанд шаҳридаги мавжуд каналлар, коллектор-дренаж тармоқларининг бугунги кундаги аҳволи умуман талабга жавоб бермай қолмоқда. Натижада ёғин-сочинли кунларда шаҳардаги айрим кўчаларни (шу йил баҳордаги сув тошқинларини эсланг) сув босиш ҳолатлари юз бермоқда. Масалан, «Чашма» коллектор-дренаж тармоғи 1900 йилда қурилган бўлиб узунлиги 7,5 километрни ташкил этади. Шундан 5 километри таъмирталаб аҳволда, муҳофаза зонасида қурилган объектлар жуда кўп.
Кулолон кўчасидан ўтувчи «Чашма» коллекторининг ичи кўпдан бери одамлар чиқинди ташлайдиган жойга айланган. Ариқнинг икки ёнини бегона ўтлар босиб ётибди. Аҳоли эса ўзбошимчалик билан коллектор устига турли бино ва иншоотларни қуриб олишган. Энг ёмони ўтган йиллар давомида бу ерда яшовчи аҳоли ўз уйидан чиқаётган оқова сувларини айнан ушбу коллекторга тўғрилаб қўйишган.
1947 йилда қурилган «Сиёбча» коллектор-дренаж тармоғи ҳам таъмирталаб аҳволда. 5,4 километр узунликка эга сув йўли муҳофаза зонаси устига юздан ортиқ объектлар қурилган, коллекторнинг собиқ макарон заводи орқасидан ўтувчи қисми орқа томонга сурилиб жар ёқасига бориб қолган. Бугун ушбу жарнинг тепа қисмида яшовчи аҳолининг уйлари фавқулодда ҳолатда турибди. Бунинг устига айрим тадбиркорлар ўз ер майдонини кенгайтириб орқа томонга сурилиб бормоқдалар. Канал ва коллекторлар муҳофаза зонаси ўн метрни ташкил қилиши белгиланган бўлса-да ушбу каналнинг Маҳмуд Қошқарий кўчасидан ўтувчи қисми ёқасида 2 қаватли дўкон қурилаяпти экан.
«Сиёб марказий» коллектор-дренаж тармоғи ҳам қадимий, 1900 йилда қурилган. Узунлиги 17 километрни ташкил қилади. 16,5 километри бугунги кунда таъмирталаб аҳволда. Муҳофаза зонасида қурилган объектлар кўп. Мазкур каналнинг Мотруд ҳудудидан ўтувчи қисми атрофида асосан аҳоли уйлари мавжуд. Аҳоли коллектор атрофига тобора яқинлашиб бораётганлиги сув тошиши хавфини оширмоқда.
Бундан ташқари аҳоли коллектор ўзани атрофига ноқонуний равишда уй-жойлар қуриб олган. Айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар бу ерни ахлат ташлайдиган майдонга айлантириб, ариқ бўйидаги бўш ерларни тўлдиришга ҳаракат қилишмоқда. Қисқа муддат ичида бу ерда йирик бино ва иншоотлар пайдо бўлса ажаб эмас. «Оби машҳад» коллектор-дренажи (1948 йилда барпо этилган) ҳам аҳоли томонидан «эгаллаб» олинаяпти десак тўғри бўлади. Энг ачинарлиси каналнинг айнан хорижлик сайёҳларнинг Мотрудий қадамжосига ўтиш қисмини ноқонуний қурилган уйлар эгаллаб олган. Коллекторнинг шаҳарга кириш қисмидаги икки қирғоқни қамиш ҳамда бегона ўтлар қоплаган.
Умуман, бугун Самарқанд шаҳридаги канал ва коллекторни намунали ҳолатга келтириш лозим. Акс ҳолда тизим издан чиқиб кетиши, уни тўғрилаш анча мушкул кечиши мумкин. Тўғри, эшитишимизга қараганда бу канал-дренажлар 2019 йил инвестиция дастурига асосан таъмирланаяпти, белгиланган маблағлар ўзлаштириляпти. Жумладан, дастурга мувофиқ шаҳар бўйича 1 та ирригация ва 3 та мелиорация объектларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари белгиланган. Бу объектлар учун шу йилда жами 5,6 миллиард сўм маблағлар ажратилган бўлиб, бугунги кунда 3,2 миллиард сўмлик (63 фоиз) қурилиш монтаж ва таъмирлаш ишлари бажарилган. «Сиёбча» ва «Чашма» очиқ коллекторларини ёпиқ коллекторларга айлантириш, «Жарариқ» каналини реконструкицялаш, «Сиёбча ва «Чашма» коллекторларини таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Бу объектда ҳозирча 50 фоиз иш адо этилган. «Сиёбча» коллекторнинг бутун узунлиги бўйича сув ёқасига турли хил бино, иншоотлар қурилгани, эксковатор ҳамда бошқа механизмларнинг ишлаши учун имкон бермаётганлиги сабабли ҳозир ишлар тўхтаб турибди. «Оби машҳад» коллекторини таъмирлаш-тиклаш ишлари ҳам амалга ошмай турибди.
Ҳа, ариқларни тозалаш, соҳилларини тартибга келтириш осон эмас. Негаки гарчи ноқонуний бўлсада, иморат (уй) эгалари бу ердан кўчишга унашмайди. Қонунлаштириб олганларига эса товон пули бериш керак. Фақат бунинг учун кучли тарғибот зарур. Шаҳар мутасаддилари аҳолига, жамоатчиликка мурожаат қилишсин. Ана ўшанда бизни қўлловчилар кўпаяди. Қолаверса, шаҳарсозлик тартибини бузганларга жиддий чора кўриб, уни ошкор этиш мавриди ҳам келди.
Атрофимизга бир қарайлик. Жонажон диёримизда қандай ўзгаришлар юз бермоқда. Инчунун сувга эътибор борасида, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Тошкент, Хива шаҳарлари, Навоий ва водий вилоятларида ариқ ва канал бўйларини ободонлаштириш, одамларнинг ҳордиқ чиқариш масканларига айлантириш учун қандай ишлар бажариляпти. Ҳавас қилса арзийди. Нима Самарқандда ўз шаҳрини севадиган, уни янада обод бўлишига камарбасталик қиладиган шижоатли, фидойи одамлар камми?
Ахир ариқ ва каналлар шаҳримиз ҳуснику. Уларда доимо зилол сув оқиб турса, атрофи яшил майсалар билан қопланса, жойларда чархпалаклар айланиб турса қандай яхши. Бундан ўзимиз ҳам, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар ҳам завқ олиши, роҳат қилиши табиий. Шундай эмасми, азизлар?
Адҳам Ҳайитов.