Самарқанд саккизта диққатга сазовор маскандан иборат эмас

Хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳрида туризмни ривожлантириш жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, соҳа мутахассислари ва шу йўналишда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар иштирокида туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар, тизимдаги муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида вилоятга 424,5 минг нафар хорижий, 849,1 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан хорижий сайёҳлар (339,1 минг нафар) сонининг кўпайиши 125 фоизни, маҳаллий сайёҳлар (457,9 минг нафар) сонининг ўсиши эса 185 фоизни ташкил этган. Ҳозирда Самарқанд халқаро аэропортида 1 кунда ўртача 20 та авиарейс амалга оширилмоқда. Йил охирига қадар 1,8 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш ва яна 10 та янги халқаро авиа йўналишларни очиш режалаштирилган. Хусусан, вилоятда зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадада Индонезия, Малайзия авиокомпаниялари билан Самарқандга тўғридан-тўғри авиқатновларни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришиш чоралари кўрилмоқда.

Бироқ йиғилишда вилоятга ташриф буюраётган сайёҳларнинг аксарияти, 90 фоиздан ортиғи барчага маълум бўлган 8 та объект - Регистон, Амир Темур мақбараси, Бибихоним, Шоҳи Зинда, Ҳазрати Хизр, Хўжа Дониёр, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва Афросиёб музейига бориш билан чекланаётгани танқид қилинди.

– Самарқанд шаҳар унинг марказидаги саккизта диққатга сазовор маскандан иборат эмас, - деди вилоят раҳбари А.Бобоев. – Вилоятимиздаги 20 дан ортиқ туризм объектида сайёҳлар учун шароитлар яратилган бўлса-да, ушбу масканларга сайёҳлар ташрифи сезилмаяпти. Жумладан, Конигил маҳалласи, Боқий шаҳар мажмуаси, Терсак туризм қишлоғи, Боғибаланд туризм маҳалласи, Пангат қишлоғи, Чорчинор зийёратгоҳи, Ҳазрати Довуд ғори, Шероз қалъа, Нуробод термал зонаси, Зарафшон миллий табиат боғи, Омонқўтон миллий табиат боғи каби туризм маршрутларига туристик мавсум даврида ҳам сайёҳлар оқими паст. Шу боис вилоятдаги туризм объектларини тарғиботини амалга ошириш ва сайёҳларни жалб қилиш бўйича аниқ режаларни амалга ошириш керак.

Айтиш жоизки, кейинги пайтда меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларида кўрсатилаётган хизматлар сифатининг пастлиги, ходимларнинг профессионал малакаси етишмаслиги, меҳмонхоналар фақат ётоқхонага айланиб қолгани, ходимларнинг муомала маданияти, билими талаб даражада эмаслиги натижасида сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар ҳажми ва тушумлар қисқариб кетмоқда.

Мисол учун, Самарқандга ташриф буюраётган сайёҳларнинг 15-20 фоизи саёҳатларини бир йил олдиндан режалаштириб, туристик фирмалардан тур-пакетларни сотиб олиб ташриф буюраётган бўлса, қолган 80-85 фоизи индивидуал, оилавий ташриф буюраётган сайёҳлардир. Улар фақатгина олдиндан меҳмонхона банд қилган ҳолда келадилар, қолган хизматлар учун эса буюртмани шу ернинг ўзида мустақил амалга оширадилар. Натижада уларга сифатсиз ва текширилмаган хизматлар кўрсатилиши ҳолатлари кўпайиб, Самарқанд тўғрисида негатив таассурот қолдириши кузатилади.

Йиғилишда ушбу хизматларни темир йўл вокзали, аэропорт, меҳмонхона ва туризм ахборот марказларида сайёҳлар учун қулай тарзда етказиш мақсадида раҳбар ходимдан бошлаб барча ходимларини тарихий, маданий-маърифий соҳадаги билим ва кўникмаларини ошириш, ўзбек тилининг аҳамияти, қадриятларимиз ҳақида тасаввурга эга бўлиши учун семинарлар ўтказиш, нархларни адолатли ўрнатиш, имтиёз ва чегирмаларни кўпайтириш кераклиги алоҳида вазифа сифатида белгилаб берилди.