Самарқандда тадбиркорлик субъектлари мурожаатлари асосида 15 та жиноят иши қўзғатилган
Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси zarnews.uz га маълум қилган.
Бошқарма томонидан тадбиркорлик субъектларига 2 мингга яқин амалий ёрдамлар кўрсатилиб, 2068 та иш ўрни очилган. Шунингдек, бюджетга 1,5 миллиард сўмлик солиқ базаси яратилган.
Хусусан, 117 тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланган. Бундан ташқари, 95 тадбиркорлик субъектига ер ажратишда, 15 нафарига электр тармоқларига уланишда, 9 нафарига банклардан 315 миллион сўм миқдорида кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилган.
Қолаверса, 309 нафар субъектларнинг фаолиятига қонуний тус берилган. Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари асосида 15 та жиноят иш қўзғатилган.
Жумладан, «AL ASAD ANVAR» масъулияти чекланган жамияти раҳбарининг мурожаатига асосан ўтказилган тезкор тадбирда вилоят “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” давлат унитар корхонаси Ургут филиали мутахассиси О.Муродов 0,15 гектар ташландиқ ер майдонида қўшимча ишлаб чиқариш цехини қуриш учун ерга эгалик ҳуқуқини берувчи қарор чиқартириш ҳамда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 2 минг доллар олган вақтида ушланган.
Ҳолат юзасидан О.Муродовга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.