Самарқандда турмуш ўртоғига пичоқ урган аёлга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди

Жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилган иш йиғилганларнинг эътиборини тортган бўлиши табиий.

Негаки, аёл ўз турмуш ўртоғига пичоқ урган? Тушуняпсизми, ўқталмаган, айнан урган? Қизиқ воқеа шу даражага боришига нима учун маҳалла-кўй бепарво бўлди? Ёши улуғлар, оиланинг кайвонилари, маҳалла оқсоқоллари нега икки ўртадаги келишмовчиликнинг шу даражага етишига жим қараб турган? Ана шу саволларга ойдинлик киритиш учун суд мажлиси айнан маҳалла фуқаролар йиғинида очиқ сайёр шаклида ўтди.

Судланувчи Жасмина Одилова (исм, фамилиялар шартли) 1981 йил 13 май куни Пайариқ туманида туғилган. Муқаддам 2018 йил 27 март куни жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди томонидан Жиноят кодексининг 131-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани судининг 2019 йил 21 январь кунги ажрими билан ўталмай қолган 1 йил 2 ой 16 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган.

Ўша куни, яъни 2019 йил 14 сентябрь куни соат тахминан 17:00 ларда ўз яшаш хонадонида турмуш ўртоғи билан ўрталарида келиб чиққан жанжал оқибатида қўлида бўлган ошхона пичоғи билан О.Бўриевинг кўкрак соҳасига бир марта уриб, унга оғир, ҳаёти учун хавфли бўлган тан жароҳати етказган.

Аниқланишича, улар 2007 йилда турмуш қуриб, биргаликда яшаб келган. Уч нафар фарзандлари борлигига қарамай, ўрталарида тез-тез келишмовчилик чиқиб, жанжаллар бўлиб турган.

Жасмина Одилова ўша куни турмуш ўртоғи уйга сомса ва ароқ олиб келганлиги, овқат устида яна оғзаки айтишиб, жанжаллашиб қолишганлиги, турмуш ўртоғи кейин уни ўлдиришини айтиб ошхонага пичоқ олиб келиш учун кетганида у ҳам бошқа хонадан ошхона пичоғини олганлигини, буни кўрган турмуш ўртоғи қўлидаги пичоғини ерга ташлаганлигина билдирган.

Жасминанинг айтишича, у калтакланишдан қўрқиб, қўлидаги пичоғини ўқталиб турганида турмуш ўртоғи унинг қўлидаги пичоқни олиб қўйиш учун важоҳат билан келаётганида, турмуш ўртоғига жароҳат етказиш мақсадида қўлида бўлган пичоғи билан чап кўкрак соҳасига бир марта енгил тан жароҳати етказган.

У ўзини ҳимоя қилиш ва турмуш ўртоғини қўрқитиб қўйиш мақсадида унга пичоқни тиққанлиги, уни ўлдириш нияти бўлмаганлиги, шундан сўнг турмуш ўртоғининг кўкрагидан қон чиққанлигини кўриб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида жароҳатга спирт босган, тегишли тартибда тез тиббий ёрдам ходимларига хабар берган.

Суд мажлисида у турмуш ўртоғи соғайиб кетиши учун ҳар томонлама ёрдам бериб келаётганлиги, содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, келгусида бу каби жиноятга асло қўл урмаслиги ҳақида кўрсатма бериб, қонуний енгиллик беришни сўраган.

Жабрланувчи Олмос Бўриев турмуш ўртоғи билан ўрталарида уч нафар фарзандлари борлиги, унинг спиртли ичимлик истеъмол қилиши ва бегона эркаклар билан гаплашганлиги сабабли олдиндан ўрталарида ўзаро оилавий келишмовчиликлар бўлиб келганлигини билдирган.

У шунингдек, ўша куни уйга келганида турмуш ўртоғи овқат қилмаганлиги сабабли қизига пул бериб, сомса олиб келтирганлиги, биргаликда ўтириб, сомса истеъмол қилаётганларида 100 грамм ароқ ичганлигини айтган.

Шу орада улар оғзаки айтишиб қолганлари учун Жасмина аразлаб ётоқхонага кириб кетган, қизи дастурхонни йиғиштириб, уйдан чиқиб кетганидан сўнг Олмос унинг олдига бориб, “овқатни ҳам заҳар қилдинг, индамасдан сомсани есанг бўлмайдими” деганида унга бақириб қарғаб кетган ва иккаласи ўзаро жанжаллашиб, ётоқхонадан ташқарига чиқишган. Жасмина югуриб ошхонага кириб пичоқ олган.

Олмоснинг билдиришича, у Жасминага пичоқни ташлашини айтиб, ўз қўлидаги пичоқни ерга ташлаган. Жасмина пичоқни ташламагач, ўзини ҳимоя қилиш мақсадида унинг қўлидаги пичоқни олмоқчи бўлганида чап кўкрагига бир марта урган. Кўкрагидан қон чиққанини кўриб, Жасмина латта билан қонни тўхтатмоқчи бўлган. Аммо қон тўхтамагач, тез-тиббий ёрдам чақиртирган.

Олмос Пайариқ тумани Челак шаҳри 1-сонли тиббиёт бирлашмасида даволанган, турмуш ўртоғи қилмиши учун ундан кечирим сўраган. У судда ўрталарида фарзандлари борлиги сабабли Жасминанинг қамалиб кетишини истамаслиги, ҳеч қандай моддий-маънавий даъвоси йўқлиги ҳақида кўрсатма берган.

Суд Жасмина Одиловага Пайариқ тумани судининг 2018 йил 27 март кунги Жиноят кодекси 131-моддасининг 1-қисми билан тайинланган ҳукми юзасидан ўталмай қолган жазо муддатини қисман қўшиб, узил-кесил ўташ учун 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Х.КЕЛДИЯРОВА,

жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди судьяси.