Самарқандда уч ойда 3623 та ҳовли, 717 та улгуржи истеъмолчиларнинг қозонхоналарига энергия тежовчи ёндиргичлар ўрнатилди

Энергия тежовчи газ ускуналари табиий газдан оқилона фойдаланишда жуда муҳим. Тежамкорлик оила бюджетига ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, ортиқча сарф-харажатларнинг олди олинади.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичлар фойдаланилган табиий газни тахминан 20-25 фоизга иқтисод қилиш орқали оила бюджетини ортиқча харажатдан халос этади.

Муҳими, у хавфсиз бўлиб, босим пасайиб кўтарилиши оқибатида газ узатиш тармоқларида узилишлар бўлганда, автоматик тарзда ўчиб, газ ўтказишни тўхтатади ва истеъмолчи ёққандагина қайта ёнади. Замонавий энергия тежовчи ёндиргичлар қиш ойларида кун давомида қозонхоналари доимий ёниб турадиган фуқароларнинг хотиржам ишга бориб келиши, кечалари бамайлихотир ухлаши учун энг керакли ускуна ҳисобланиб, газдан хавфсиз фойдаланиш имконини беради.

Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан аҳоли хонадонларининг қозонхоналаридаги (маънан эскирган, қўлбола) ёндиргичлар (горелкалар) замонавий иссиқликни автоматик равишда бошқарувчи газ ёндиргичларига алмаштирилаётганлиги хавфсизлик нуқтаи-назаридан ҳам аҳамиятли.

Самарқанд вилоятида жами табиий газ етказиб берилаётган хонадонлар сони 290 мингга яқин бўлиб, 2021 йил январь-март ойларида вилоят бўйича 3623 та ҳовли уйлари, 717 та улгуржи истеъмолчиларнинг қозонхоналарига замонавий хавфсизлик автоматикаси билан жиҳозланган энергия тежовчи ёндиргичлар ўрнатилди.

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.