Самарқандда уч ойда “темир дафтар”даги 7,9 минг фуқаро ишли бўлади

Коронавирус пандемияси оқибатида вақтинча иқтисодий фаолиятини йўқотган 4424 та корхона мавжуд. Бу савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 2578 тани ва саноатда 962 тани ташкил этади.
Вилоятда 2018-2020 йилларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида банк кредитлари ҳисобидан молиялаштирилган 28 та 485,9 миллиард сўмлик лойиҳалар ишга туширилмаган. Жорий йилнинг январь-июль ойларида 4852 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган, шу вақтда вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жамғармалари ҳисобидан жами 30 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Жорий йил 1 августгача вилоятда “темир дафтар”га киритилган 47,8 минг оиладаги 53 минг ишсизнинг бандлиги таъминланган, Қурбон ҳайити арафасида республика бюджетидан ажратилган 10 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 10 мингта оилага моддий ёрдам пуллари берилган.

Президентимизнинг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан тиббий ёрдам бригадаларининг 5069 ходимига 20,5 миллиард сўм бир марталик мукофот пуллари тўланади. Август-октябрь ойларида “темир дафтар”даги 7,9 минг нафар меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг бандлиги таъминланади.