Самарқандда “уддабурон фолбинлар” зиёратчи аёлни ўмаришди
Наманган вилоятининг Чуст туманидан келган зиёратчи У. Самарқанд шаҳрининг Ҳазрати Хизр мажмуаси вa “Сиёб деҳқон бозори” атрофида саёҳат қилиб юрган вақтида, бир нечта аёллар келиб, унга “фол кўриб қўйишларини”, бунинг учун чўнтагидаги бор пулларини чиқариб кафтига қўйишини айтади.
Фирибгарнинг найрангига тушган У. пулларини қўлига олган вақтида аёллардан бири пулни тегиниб, ичидан бир қисмини сездирмай олиб қўяди ва жуфтакни ростлайди.
Пулларини санаб кўрган У. “уддабурон фолбинлар” унинг 360.000 сўм пулларини ўмариб кетишганлигини билиб қолади. Бундай вақтда ҳар бир фуқаронинг онгига биринчи бўлиб ИИБ ходимларига мурожаат қилиш келиши табиий. У. ҳам шундай қилди. Шу атрофда хизмат маскани бўлган Самарақанд вилояти ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларига мурожаат қилди.
Олиб борилган тезкор суриштирув тадбирлари натижасида ушбу ҳолатни 1983 йилда туғилган М.И. содир этгани аниқланиб, 360.000 сўм пуллар жабрланувчига қайтарилди.
М.И.га нисбатан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Самарқанд вилояти ИИБ барча юртдошларимизни бу каби фирибгарликлардан огоҳ бўлишга чақиради.