Самарқандда уйида гиёҳванд ўсимлик етиштириб келаётган икки нафар фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Самарқанд шаҳри ҳудудида “Қорадори-2021” тадбири ўтказилмоқда.
Тадбир давомида Самарқанд шаҳар ИИБ 8-сон ИИБ жиноятчиликка қарши курашиш гуруҳи ходимлари томонидан Самарқанд шаҳар Лоҳутий маҳалласида яшовчи, 1974 йилда туғилган фуқаро М.Ф.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, уйнинг томорқасида экилган турли хил гуллар орасида, қонунга хилоф равишда 1 туп “Каннабис” гиёҳванд ўсимлигини етиштириб келаётганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳар Шохруҳ кўчасида яшовчи, 1962 йилда туғилган фуқаро О.Г.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, уйида гул тувакларда экилган турли хил гуллар орасида қонунга хилоф равишда 2 туп “Каннабис” гиёҳванд ўсимлигини етиштириб келаётганлиги аниқланган.

ИИВ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси хабар беришича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекснинг 270-модда 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.