Самарқандда хизмат сафаридаги тез ёрдам автомашинасини юк машинаси уриб юборди

Бугун, 12 май куни тонгги соат 4:05 атрофида Тошкент – Нукус М-37 йўлининг Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳудудидан ўтган 120-километрида “МАN” юк автомашинаси “Damas” русумли тез тиббий ёрдам автомашинасини уриб юборган. Натижада туман тиббиёт бирлашмаси Болатли тез тиббий ёрдам бригадасининг 3 нафар ходими оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Аниқланишича, ушбу ҳодиса Пахтачи туман тиббиёт бирлашмаси Болатли тез тиббий ёрдам бригадасининг 3 нафар ходими тумандаги Дабуся маҳалласида яшовчи ҳомиладор аёл М.К.нинг мурожаати асосида чақириққа бораётган вақтда бўлган.

Чақириққа кетаётган тез ёрдам машинаси Тошкент – Нукус М-37 йўлининг 120-километрида жойлашган йўлнинг қайтиб олиш қисмидан қайрилиб олаётган вақтда “МАN” юк автомашинаси келиб урилиши натижасида 1965 йилда туғилган шифокор И.А., 1986 йилда туғилган фельдшер О.Д., ҳамда 1977 йилда туғилган ҳайдовчи Э.У. оғир тан жароҳати олган.

Ҳозирда жабрланганлар Пахтачи туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимига ётқизилиб, шифокор назоратига олинган.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.