Самарқандда хизматлар кўрсатиш тармоқларининг иқтисодиётдаги ўрни қандай?

Хизматлар соҳаси тадбиркорлик йўналишлари орасида энг барқарор ва тез ўсувчи тармоқлардан бири. Ўтган йили бу йўналишда вилоятда 58,9 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилиб, 2023 йилга нисбатан 14,1 фоизга ўсиши таъминланди.
Натижада, ялпи ҳудудий маҳсулотдаги хизматлар улуши 1,4 фоизга ошиб, 44,9 фоизни ташкил этди. Аҳоли жон бошига эса хизматлар ҳажми 13,8 миллион сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 2,6 миллион сўмга кўпайди.
Бундай натижага эришилишида бир қатор омиллар сабаб бўлди. Масалан, 2024 йилда тадбиркорларнинг 18 мингдан ортиқ лойиҳаларига 870,1 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратиб берилди. 426 гектар ер участкаси аукционга чиқарилиб, шундан бугунгача 328,3 гектари сотилди. Қиймати 5,4 триллион сўмлик 855 та йирик лойиҳа ишга туширилиб, 9 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги “Sam Selin Textile” МЧЖ томонидан қиймати 220 миллиард сўмлик йирик савдо ва кўнгилочар маркази ташкил этилиб, 270 та янги иш ўрни яратилди. Автомобиль йўллари бўйида 127 миллиард сўмлик 159 та хизмат кўрсатиш лойиҳаси ишга туширилиб, 443 та иш ўрни яратилди. Биргина Оқдарё туманининг М-37 магистрал йўли бўйида “Laproscopic Center” МЧЖ томонидан қиймати 34 миллиард сўмлик тиббий марказ ишга туширилиб, 30 та янги иш ўрни ташкил этилди. 12 та 24/7-режимида туну-кун ишлайдиган кўчалар ташкил этилиб, улардаги 98 та лойиҳада 186 та иш ўрни яратилди. Маҳаллаларда 5700 га яқин хизмат шохобчалари ташкил этилди, соҳада норасмий ишлаётган 61 минг нафар ишчи-ходимлар фаолияти легаллаштирилди, 108 минг фуқаро соҳада ўзини-ўзи банд қилди. Умуман олганда, хизматлар соҳасида 4,7 мингта кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, жами 194 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.
Жорий йилда хизматлар ҳажмини 75,2 триллион сўмга етказиб, 15,4 фоизга ўсишни таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилади. Бугунги кунда вилоятда хизматлар соҳасининг IT, экотуризм, тиббий хизмат, соҳил бўйи дам олиш масканлари, халқаро йўл бўйида сервис объектларини ташкил этиш йўналишлари “драйвер” соҳага айланиб, жадал ривожланмоқда. Жорий йилда IT-парк резидентлари сони ҳозирги 141 тадан 186 тага етказилиб, улардаги хизматлар ҳажми 3 триллион сўмга, ўсиш суръати эса 33 фоизга таъминланади. IT-парк резидентлари бўлган 48 та ўқув марказларида 8 мингга яқин ёшлар рақамли технологияларга ўқитилади.
Мисол учун, Самарқанд шаҳрида “Sam IT Globol” МЧЖ томонидан қиймати 61 миллиард сўмлик IT-маркази ташкил этилди. Жорий йилда ушбу марказда сунъий интеллект, Frontend, backend, veb dizayn, Grafik dizayn, компьютер саводхонлиги, кибер хавфсизлик йўналишида 4 минг нафар ёшлар ўқитилади. Мактаблар учун масофавий 2500 нафар ўқувчилар ўқитилади.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрида “IT work Korea” компанияси томонидан IT соҳасида 100 нафар ёш дастурчи ишга олинади. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 30 минг нафар ёшлар ўқитилади. IT хизматлари экспорти эса 10 миллион доллардан 15 миллион долларга етказилади.
Даврон Расулов,
вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси шуъба бошлиғи.