Самарқандда йил охиригача 1327 гектар майдонда кооперативлар ташкил этилади

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, қишлоқларда кам таъминланган аҳоли даромадларини ошириш бўйича концепция ишлаб чиқилди. Яъни, қишлоқ хўжалигида ишлаш имконияти ва иштиёқи бўлган аҳоди вакиллари бирлаштирилиб, кооператив ташкил этилмоқда.

Вилоятимизда 52 та қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил этиш режалаштирилган эди. Амалда бугун уларнинг сони 63 тага етди.

Пайариқ ва Қўшработ туманидаги кооперативлар узумчилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган.

Каттақўрғон туманида қулупнай, узумчилик фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг учун 106,6 гектар ер 279 нафар фуқарога бўлиб берилди. Уларга ишни ташкил қилишлари учун 1 миллиард сўмдан кўпроқ кредит маблағлари ажратилмоқда.

Шунингдек, Нуробод туманида 87 гектар майдонда боғдорчилик-сабзавотчилик йўналишида кооператив ташкил этилган бўлса, қолган туманларда кредит ва субсидия маблағлари асосида мева-сабзавотчилик кооперативларида минглаб фуқароларимиз бандлиги таъминланмоқда.

Умуман, вилоят бўйича 1327 гектар майдонда кооперативлар ташкил этилади.

Акбар Норқўзиев,

фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят Кенгаши раиси.