Узум етиштирмоқчимисиз, имтиёзларни билиб олинг!
Аксарият кишилар соҳада қандай имконият ва имтиёзлар берилганини яхши билмайди. Шу боис, қонунчиликда белгиланган нормаларни Сиз билан ўртоқлашишни лозим топдик.
- Янги токзорлар учун бир дона артезиан қудуқ ёки насос станцияси қуриш учун ҳар 10 гектарга 120 миллион сўмгача субсидия берилади, яъни субсидия бериладиган майдон ҳажми 3 баробарга камайди (ҳозир энг кам майдон 35 гектар қилиб белгиланган).
- Сертификатланган узум плантацияларини ташкил этишни молиялаштириш учун банкларга 100 миллион доллар ресурс маблағлари ажратилди.
Бунда, кредит лойиҳа офислари тавсиялари асосида 14 фоиздан 3 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатга берилиши;
- аҳоли хонадонларида узум етиштиришни кўпайтириш бўйича ноанъанавий усулда, яъни “тепасида ток - пастида сабзавот” экиш, шунингдек, войиш, сўриток усулларини кескин кўпайтириш;
- бу мақсадлар учун оилавий тадбиркорлик дастури доирасида, жорий йилда қўшимча 100 миллиард сўм кредит ресурслари ажратилиши;
- соҳага илм ва инновацияларни кенг жорий этиш орқали, ҳосилдорликни камида 2-3 бараварга ошириш;
- шпалер ўрнатиш харажатларининг 30 фоизгача қисми бюджетдан қоплаб берилиши;
- узумчиликда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ва техникалар божхона тўловларидан озод этилиши;
- майиз қуритиш ва қадоқлаш линиялари ҳамда виночилик асбоб-ускуналарини сотиб олиш ҳаражатларининг 20 фоизини қоплаб берилиши;
- маҳаллий шароитда “in-vitro” усулида етиштирилган ҳар бир дона ток кўчати ва пайвандтагли ток кўчати учун 5 минг сўм миқдорда субсидия ажратилиши;
- етиштирилган ҳосилнинг 30 фоизи экспорт қилинса, даромад ва мулк солиқлари 30 фоизга, экспорт 30 фоиздан ошса, 2 бараварга камайтирилиши;
- экспорт қилинган ҳар 1 литр табиий вино учун, 5 минг сўм субсидия ажратиш каби кўплаб имтиёзлар белгиланди.