Олтиариқ тажрибаси: Самарқанд узумчилигида бу усул самара берадими?
Шу йил 27 июль куни Президентимиз Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Олтиариқ туманидаги “Хайрулло Баҳром Бойматов” фермер хўжалиги узумзорида бўлди. Туманнинг узумчилик тажрибасини юқори баҳолаган Президент ҳудудлардаги иқлими узумчиликка мос туманларда Олтиариқ тажрибаси асосида узум етиштириш ва токзорларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Вазифалар ижроси доирасида айнан шу фермер хўжалик узумзорида ҳудудлардаги соҳа раҳбарлари иштирокида кўргазмали семинар ташкил этилди.
Бугунги кунда туманда етиштирилаётган “Ризамат ота”, “Келин бармоқ”, “Ҳусайни”, “Шаҳарангул” ва бошқа номдаги узумлар хорижда ҳам харидорини топган. 2017 йилда Олтиариқда жами 13 гектар токзор мавжуд бўлган. Республикамизда узумчиликни ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли Фарғона вилоятида пахта ва ғалладан етарли ҳосил олинмаган баланд-паст майдонлар узумчиликка ихтисослаштирилди. Натижалар эса кўзни қувонтиради.
Икки кунлик семинарда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Ш.Худойбердиев бошчилигидаги вилоятимиз вакиллари ҳам иштирок этди. Улар кўрган тажрибаларни вилоят ҳудудларида оммалаштириш, иқлими мос туманларда узумчиликни ривожлантириш борасида алоҳида режалар ишлаб чиқди.
Вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, ҳозирда Самарқандда 48529,6 минг гектар узумзор мавжуд ва ушбу майдонлардан 2022 йилда 625 минг 371 тонна узум олинган.
Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси эса 2023-2024 йилларда вилоятда узумчиликни ривожлантириш, бўш турган майдонлардан самарали фойдаланиш ва токзорларни кенгайтириш режаларини ишлаб чиқди. Унга кўра, дала четлари, коллектор бўйларидаги 5373 гектар бўш майдонга хўраки, кишмишбоп, саноатбоп ток кўчатлари экилади.
Режага асосан жорий йил якунига қадар 7850 гектар, 2024 йил якунига қадар жами 20 минг гектар ерда янги узумзорлар барпо этилади. Шунингдек, 196 маҳалладаги 32366 хонадон ихтиёрида бўлган 2518 гектар томорқада токзорлар яратилади. Туманларда бу борада янги режалар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этиш чоралари бошланган.
- 28-31 июль кунлари Олтиариқ туманида республика кўргазмали семинарида Хитойпоён маҳалласи раиси ва “Гулнигор даласи” фермер хўжалиги бошлиғи билан биргаликда иштирок этдик, - дейди Жомбой тумани ҳокимининг ўринбосари А.Икромов. – Олтиариқдаги ўнга яқин хонадоннинг узумчилик фаолияти билан танишдик. Хонадон соҳиблари ва бошқа мутахассислар билан суҳбатлашиб, тажриба алмашдик. Мазкур кўргазмали семинардан келиб чиқиб, туманимизда ҳам соҳани ривожлантириш учун режалар белгилаб олдик.
Жумладан, жорий йилнинг август ойида тумандаги барча маҳалла раислари ва узумчиликни ташкил қилиш истагидаги ташаббускорлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари бошлиқлари, шунингдек, бошқа ташкилот ва корхоналар вакилларини Олтиариқ туманига қисқа муддатли хизмат сафарига юбормоқчимиз. 2023-2026 йилларда 2 минг гектар ерда узумзорлар ташкил этиш учун “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқяпмиз. 2023 йил якунига қадар 450 гектар ва кейинги йилларда ҳам аниқ манзиллари ва муддатлари кўрсатилган аҳоли томорқалари, фермер ва деҳқон хўжаликларининг экин майдонлари атрофлари, ариқ ва зовурлар четлари ҳамда йўл ёқаларига ток экишни режалаштиряпмиз. Шунингдек, тумандаги “Аҳмаджон Қурбонов”, “Гулистон”, “М.Бозоров”, “Н.Эсонтурдиев” ва “Мирзо Улуғбек” массивларидаги балл-бонитети паст бўлган, боғдорчиликка мўлжалланган ерлардан 500 гектар майдон узумчилик учун ажратилади. Олтиариқ туманидан тажрибали деҳқонларни жалб этиш ниятидамиз.
Шунингдек, тумандаги “Боғбон ин-витро” лабораторияси ва академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станцияси ва бошқа таълим муассасалари олимлари ҳамда кўчатчилик хўжаликлари мутахассисларини жалб этиб, аҳоли ва фермерлар иштирокида ўқув семинарлар ташкил этмоқчимиз. Узумчиликнинг даромадли ва фойдали томонларини тарғиб этувчи ўқув материаллари, видеороликлар ишлаб чиқиш, тегишли тармоқлар орқали тарқатиш ва ташвиқотнинг бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борамиз.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.