Иштихон тумани узумзорларига қандай касаллик тегди?
Жорий йилнинг 13 июнь куни Zarnews.uz телеграм каналида Иштихон туманининг айрим фермер хўжаликлари токзорларида номаълум касаллик қайд этилгани ва бу бўйича олимлар ва мутасаддиларнинг кўмаги зарурлиги юзасидан видеомурожаат эълон қилинди.
Мазкур мурожаатдан келиб чиқиб, Самарқанд ветеринария медицинаси институти доценти Қаҳрамон Хушвақтов, Иштихон тумани қишлоқ ва сув хўжалик бўлими бош мутахассиси Лочин Турсунов, “Янгикент-Файз” МЧЖ раиси Абдусамад Мардиев ва бошқа мутасаддилар ҳамкорлигида туманнинг Янгикент маҳалласи ҳамда Чақар массиви ҳудудидаги зарарланган токзорларда кўргазмали семинар ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, туман ҳудудидаги 30 гектарга яқин токзор майдон касалликдан зарарланган.
Бундан аввал ҳам вазият ўрганилган, экин майдонларини зарарлаган касаллик тури, уни келтириб чиқарган омиллар ва унинг профилактикаси олимлар томонидан таҳлил қилинган.
Вазиятни ўрганиш натижасида институт доценти Қаҳрамон Хушвақтов ҳамда агрокимё, тупроқшунослик, ўсимликлар ҳимояси ва карантини кафедраси катта ўқитувчиси Салоҳиддин Аҳмедов қуйидаги хулосаларни баён этишди:
“Узумзорлар “Мильдью” (сохта ун шудринг) касаллиги билан зарарланган бўлиб, бу касаллик жорий йил мавсумда кенг тарқалди. Бу касаллик билан токнинг барча ер устки яшил органлари – барглари, ёш бир йиллик новдалари, гуллари, ғўра мевалари, мева бандлари ва мевалари касалланади ва бу ҳудудда ҳам шундай бўлган. Бу ўта зарарли касаллик бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида кўп тарихга эга эмас, нисбатан ёш касаллик. Касалликни Plasmopara viticola замбуруғи қўзғатади. Касаллик қўзғатувчиси 1870 йилда Америкадан ток қаламчалари ва кўчатлари билан Европага келтирилган. 1878 йилда Францияда, 1880 йилда Болқон ярим ороли мамлакатларида ва Молдовада, Кавказда, 1882 йилда Қримда учраганлиги аниқланган. Ҳозирга қадар Марказий Осиё мамлакатлари учун ташқи карантин объекти бўлиб ҳисобланар эди. Касаллик қўзғатувчиси космополит, барча узум экиладиган мамлакатларда учрайди. Баъзи йилларда Марказий Осиёнинг Туркманистон ҳудудида учраган. Ўзбекистонда эса сохта ун-шудринг биринчи марта Сирдарё вилоятида 1993 йилда қайд этилган. Кейинги йилларда (2001-2003 йиллар) касаллик Тошкент, Сирдарё, Самарқанд ва Навоий вилоятларида, баъзан катта майдонларда кузатилмоқда. Фақатгина бир йиллик, ёш яшил новдалар касалланади.
Ушбу касалликни қўзғатувчи замбуруғ фақат токни зарарлайди.
Касаллик ташқи омиллар шароитида, яъни ёғингарчилик меъёридан ортиб кетганда, паст текисликларда (чуқурликларда) ҳаво циркуляцияси яхши бўлмаган, намгарчилик тўпланиб қоладиган ҳудудларда пайдо бўлади (шунингдек, кузда хомток ўтказилмаганда ёки ток новдалари кўтарилмаганда ҳам учрайди).
Қуруқ ва иссиқ шароитда (30 даражадан ортиқ иссиқда) касалликнинг ривожланиши тўхтайди. Аммо Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғ олди зонасида август ойларида шудринг туша бошлаши билан касаллик яна қайтадан ривожланиб кетиши ҳам мумкин”.
Олимлар томонидан бу касалликка қарши кураш чоралари, унинг профилактикаси, айни вазиятда ток новдаларига қандай кимёвий ишлов бериш, озуқавий препаратлар билан парваришлаш бўйича керакли тавсия ва йўлланмалар берилган. Фермер хўжаликларини зарур кимёвий дори воситалари билан таъминлаш борасида мутасаддилар билан келишиб олинган.
Лавҳа эълон қилинган кундан буён 20 кундан ортиқ вақт ўтди. Миришкорлар учун ёзнинг ҳар бир куни ғанимат. Бу вақт давомида вазият қайси томонга ўзгарди? Деҳқонлар олимлар берган тавсиялар асосида касалликни бартараф эта олишдими? Халқимизнинг ризқи бўлган узумзор ҳосили сақлаб қолиндими?
- Туманимиз ҳудудидаги 6 та фермер хўжаликларининг узумзор майдонларида зарарланиш ҳолатлари қайд этилган эди, - туман қишлоқ ва сув хўжалик бўлими бош мутахассиси Л.Турсунов. - Жами 30 гектар майдондаги токзорлар касалланган. Карантин даврига тўғри келганлиги учун вазият бироз мураккаблашиб кетди. Мутахассислар ва олимларнинг тавсияси асосида барча агротехник тадбирлар амалга оширилди, зарур чоралар кўрилди. Айни дамда вазият яхши томонга ўзгарди, деб айта оламиз. Зарарланган майдонлардаги касаллик бартараф этилди. Барча майдонларда эмас, асосан чуқурликларда жойлашган ҳудудларда касаллик авж олган. Зарур кимёвий дори воситалари ва озуқавий препаратлар билан парваришлаш натижасида деҳқонларимиз бу касалликни енгишди.
- Афсуски, 70-80 фоиз ҳосилдан айрилдик, - дейди “Янгикент-Файз” МЧЖ раиси Абдусамад Мардиев. - Текисликлардаги майдонлардаги токзорларда бу касаллик умуман қайд этилмаган. Бор умидимиз ана шу майдонлардан. Энди кузги профилактик тадбирларни кучайтиришга тўғри келади. Табиат инжиқликларини шу йўл билан енгиш мумкин. Сентябрь ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб, токзорларда кузги кўмиш ишлари бошланади. Барча-ички ва ташқи омиллар ҳисобга олинган ҳолда бу тадбирни ўтказиш режасини ишлаб чиқдик.
Гулчеҳра Бердиёрова тайёрлади.