Сирлибой навли узумнинг бир боши 7 килограммгача тош босади

Бундан 5-10 йил аввал қўшработлик фермерлар катта-катта лалми ер майдонларида буғдой, арпа, нўхат, кунжут ва шу каби маҳсулотлар етиштирарди. Ёғингарчилик яхши бўлган йилларда озми-кўпми даромад қилар, аммо аксарият ҳолларда қурғоқчилик сабаб фойдадан кўра зарар кўрарди. 

Кейинги йилларда эса туман қишлоқ хўжалигида катта ўзгаришлар рўй берди. Бир пайтлар сувсизликдан қақраб ётган кенг далалар бугун яшилликка бурканган. Бу майдонларда токзорлар, боғ-роғлар барпо этилди. Осмондан тушадиган ҳар бир ёмғир томчисининг қадрига етадиган қўшработликлар, артезиан қудуқ қазиш орқали ер остидан олинаётган сувни исроф қилмаслик учун томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланмоқда.

2020 йилда ташкил этилган “Олтин Ниҳол” фермер хўжалигига ёш тадбиркор Олтин Ниҳолов раҳбарлик қилади. Хўжаликнинг умумий ер майдони 35 гектар бўлиб, ҳозирча 5 гектарида узумнинг “Сирлибой” нави парваришланмоқда.

- Бу узум нави қўшни қишлоқда яшовчи Сирлибой ака томонидан яратилган ва унинг номи билан аталади, - дейди фермер. – Уни парваришлашда кўпроқ меҳнат талаб қилинади. Агротехник тадбирлари талаб даражасида бажарилса, яхши ҳосил беради. Масалан, гектаридан 35 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Бир бош узумнинг оғирлиги 0,5 килограммдан 7 килограммгача тош босади. Хўжалигимизга қарашли жами ер майдонининг 20 гектарида фақат шу навли узум етиштиришни режалаштирганмиз. Ҳозирда 1 гектар ерга экилган токлар 2 йиллик бўлди ва ҳосил кўрсата бошлади. Бу ердан ҳам узум оляпмиз, ҳам қаламча. Ўтган йили 10 минг дона қаламча олиб, томирлатдик. Бу йил эса яна шунча қаламча олиб, токзоримизни кенгайтирамиз.

Президентимизнинг шу йил 7 июль куни ўтказилган узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни янада ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризм (узумчилик ва дигустация)ни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлардан келиб чиқиб туманда яна янги узумзорлар ташкил этилади.

Соҳага илм ва инновацияни кенг жорий этиш орқали ҳосилдорликни икки баравар ошириш чоралари кўрилади. Соҳага 4 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилади. Асосийси, 6 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши таъминланади.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.