50 гектарлик узумзор бир суткада суғориляпти
Бундан 4-5 йил аввал бу юмушни бажаришга ойлаб вақт сарфланарди. Навбат кутиш, ортиқча электр энергияси, ишчи кучи, исрофгарчилик. Томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилгач, ҳаммаси ортда қолди.
Бу гаплар бугун Самарқанд туманида ўтказилган пресс-турда такрор-такрор айтилди. Тадбирда ОАВ вакиллари тумандаги узумчилик билан шуғулланувчи айрим фермер хўжаликлари фаолияти билан танишди.
Навобод маҳалласида Умарқул Ҳамроқулов раҳбарлик қиладиган фермер хўжалиги ер майдонининг 40 гектарида узумнинг кишмиш, тоифи, ризамат, мерс ва бошқа 10 га яқин навлари етиштирилади. Бу ерда гектаридан 20 тоннагача ҳосил олиниб, йилига ўртача 250-300 тонна узум Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилиняпти. Токлар асосан войиш усулида, томчилатиб суғориш йўли билан парваришланяпти.
Тумандаги “Азизов Қурбон” фермер хўжалигининг 51 гектар ер майдонида узумзор ташкил этилган.
- Умумий ер майдонимиз 129 гектар, - дейди фермер хўжалик раиси Жамшид Азизов. – Бу ерда ғалла, сабзавот маҳсулотлари, узум, шафтоли етиштиряпмиз. 3-4 йил аввал 51 гектарлик узумзоримизни суғориш учун бир ярим ой вақт кетарди. Бу ҳосилнинг пасайишига ҳам сабаб бўларди. Томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилгач, шунча майдонни бир суткада суғориш имконияти пайдо бўлди. Аввал бир гектаридан 15 тонна ҳосил олган бўлса, эндиликда 25-30 тоннагача оляпмиз.
Туманда фермер хўжаликлари томонидан жами 3776 гектар ер майдонида токзорлар барпо этилиб, бу йил ушбу узумзорлардан 42 минг 916 тонна ҳосил олиш кутиляпти.
Тўлқин СИДДИҚОВ.