Нарпай, Оқдарё, Жомбой, Пахтачи ва Нуробод туманларида токзорлар барпо этиш истиқболлари кўриб чиқилиши керак

Статистика бошқармаси маълумотларига кўра, вилоятда барча тоифадаги хўжаликларда токзорлар майдони 43,6 минг гектарни ташкил этиб, шундан 37,6 минг гектари ҳосилга кирган ва 5983 гектари ҳосилга кирмаган токзорлардир. 2020 йилда йиғиб олинган узумнинг ялпи ҳосили 574,6 минг тоннани, ўртача ҳосилдорлик эса 147,7 центнерни ташкил этган. Ушбу кўрсатгич бўйича вилоятнинг республикадаги улуши 36 фоизни ташкил этган.

Ҳосилга кирган токзорларнинг 62 фоизи Ургут, Иштихон, Пайариқ, Самарқанд ва Булунғур туманлари ҳиссасига тўғри келади. Уларнинг таркибида энг юқори ҳосилдорлик Иштихон (196,9 центнер), Пайариқ (159,9 центнер) ва Ургут (151,2 центнер) туманларида кузатилган. Энг паст даражадаги ҳосилдорлик Самарқанд (72,6 центнер) ва Булунғур туманларида қайд этилган.

Барча ёшдаги токзорларнинг 29029 гектари фермер хўжаликлари, 12528 гектари деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари ва 2049 гектари МЧЖларда жойлашган. Шундан биринчи тоифа гуруҳидаги ҳосилдорлик 115,7 центнерни, иккинчи тоифада 240 центнерни ва учинчи тоифада 108,3 центнерни ташкил этмоқда.

Ҳосилга кирмаган токзорларнинг 956 гектари Ургут, 427 гектари Самарқанд, 343 гектари Қўшработ ва 335 гектари Иштихон туманига тўғри келади. Булунғур, Тойлоқ, Нарпай, Паст Дарғом, Оқдарё ва Жомбой туманларида янги токзорлар барпо этиш ишлари мавжуд имкониятлар даражасидан анча пастлигича қолмоқда.

Ҳосилдорлик нуқтаи назаридан қараганда, энг паст даражадаги самарадорлик қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларда кузатилмоқда. Улардаги ушбу кўрсатгич фермер хўжаликларига нисбатан 7,4 центнерга паст.

Нарпай, Оқдарё, Жомбой, Пахтачи ва Нуробод туманларида токзорлар барпо этиш истиқболлари алоҳида кўриб чиқилиши лозим. 2022 йилдан бошлаб пахта ва ғалла экин майдонлари 14 минг гектарга қисқарилаётганини, яқин йилларда бу жараён яна ҳам жадаллик билан тус олишини инобатга олсак,  пахтакор туманлар учун ушбу жараён нечоғлик долзарб эканлиги аён бўлади. Мисол учун, Жомбой тумани иккита узумчилик ривожланган туманлар ўртасида жойлашган, аммо токзорлар майдони 10-15 маротаба кам. Ваҳоланки, 20 йил илгари туман узумчилик ва мева-сабзавотчиликка ихтисослашуви тўғрисида ҳукуматнинг махсус қарори қабул қилинган.

Янги токзорлар ва боғлар яратишнинг яна бир муҳим томони шундан иборатки, йилдан йилга деҳқончилик соҳасида суғориш ишларидаги муаммолар кучайиб бормоқда. Айрим туманларда пахта ва ғалла якка ҳукмронлиги туфайли энг кам сув талаб қиладиган токларни суғоришда ҳам муаммолар етарли даражада.

Бундан биринчи хулоса шуки, ирригация тизими билан деҳқончилик маҳсулотларини жойлаштириш жараёнини рақамли технологияларга таянган ҳолда мослаштириш вақти келди.

Иккинчидан, узумчиликка доир статистик фаолият кўнгилдагидек эмас. Бунинг асосий сабаби, токларнинг учдан бир қисми томорқаларда жойлашганидан келиб чиқади. Ҳисоботлардан узумнинг қанчаси техник сортлар ва қанчаси хўраки эканлиги, уларнинг таркибида қанчаси майизбоп, шарбатбоп, донаксиз ва донакли эканлиги кўринмайди, токзорларнинг ёши ҳам аниқ қилиб кўрсатилиши лозим. Шундай ҳисобот йўлга қўйилмаса узумчиликни Ўзбекистон иқтисодиётида драйвер сифатида ривожлантириш, ушбу мақсадда маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш амри маҳол бўлиб қолаверади. Масала ечимини мобил илова ишлаб чиқиш ва қўллашда кўриш мумкин. Бунинг учун фермер ва деҳқон хўжаликлари билан тушунтириш ишлари олиб борилиши, мобил илова орқали ҳосилдорликни ошириш, токларни касалликлардан асраш, сув таъминотини яхшилаш ва шу йўл билан даромад ва соф фойдани кўпайтириш мумкинлиги бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари йўлга қўйилиши лозим.

Илҳом ВАФОЕВ,

Зуҳур НИЁЗОВ.