Самарқандда йилнинг биринчи ярмида гиёҳвандлик билан боғлиқ 252 та жиноий ҳолат аниқланди

Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича минтақавий комиссияси йиғилишида қайд этилди.

Вилоятда гиёҳванд моддаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш йўналишида минтақавий комиссия ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида аниқланган жиноий ҳолатлар давомида 9 килограмм 382 грамм гиёҳвандлик моддалари далилий ашё сифатида расмийлаштирилган. Ўтган йилнинг шу даврида эса 149 ҳолатда 54 килограмм 964 грамм “заҳри қотил”нинг ноқонуний айланиши олди олинган. Бу йил жиноятлар сони кўп бўлса-да, гиёҳвандлик моддалар анча камайганлигини кўриш мумкин.

Жиноятни содир этган 135 нафар шахс орасида 3 нафар аёл, 40 нафар ёшларнинг борлиги жуда ачинарли. Бундан ташқари, ушбу турдаги жиноятлари учун муқаддам судланган, белгиланган тартибда жазо олган бўлса-да, 12 нафар шахс бундан ўзига хулоса қилмай, яна шу йўлга кирган.

Каттақўрғонлик Д.Ядгоров ана шундай кимсалардан чиқиб қолди. У аввал ҳам гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилгани учун бир неча бор судланган. Сўнгги бор белгиланган жазодан муддатидан олдин шартли озод қилинган ҳам. Афсуски, Д.Ядгоров бу бағрикенглик, кечиримлиликни имтиёз деб тушундими, яна гиёҳанд моддаларни қонунга хилоф равишда сақлаш билан шуғулланди. Бу гал энди жазо ҳам қатъий бўлади.

Бундан ташқари, “Қорадори-2020” кенг қамровли тадбирининг жорий йил 1 майдан 30 июнга қадар ўтказилган биринчи босқичида вилоят ИИБ томонидан ҳудудда наркотик моддалар билан боғлиқ 81 ҳолат аниқланган. Ушбу ҳолатларнинг 34 таси таркибида гиёҳванд моддалар бўлган ўсимликларни экиш билан боғлиқ. Жиноятчилардан 1 килограмм 489 грамм гиёҳвандлик моддалари далилий ашё сифатида олинган.