Самарқандда ЙПХ ходимига қаршилик кўрсатган фуқарога 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

2020 йил 10 март куни Тойлоқ тумани Боғи чинор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А-377 “Садриддин Айний - Тойлоқ” автомобиль йўлига хизматга жалб этилган, Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари “Нексия” русумли автомашина ҳайдовчиси транспорт воситасини хавфсизлик камарини тақмасдан бошқариб келаётганлигини аниқлаб, автомашинани тегишли тартибда тўхтатган. Ҳайдовчига содир қилган қоидабузарлигини тушунтирган вақтида, 1982 йилда туғилган, Тойлоқ тумани Янги Тойлоқ қишлоғида яшовчи фуқаро С.О. ЙПХ инспекторининг қонуний талабларини бажармай, аниқланган қоидабузарлик бўйича маъмурий баённома тузишига қаршилик қилиб, ўзидан уйдирма гапларни уйлаб топиб, атрофдаги фуқароларни ўзига қаратган ва уятли сўзлар билан сўкиниб, ўз бошқарувидаги транспорт воситаси билан ҳодиса жойидан кетиб қолган.

Мазкур ҳолат бўйича С.О.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси, 194-моддаси ва 195-моддаси билан маъмурий иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилиниб, тўпланган ҳужжатлар Тойлоқ тумани маъмурий судига юборилди.

Тойлоқ тумани Маъмурий судининг 2020 йил 11 март кунидаги қарори билан С.О.га Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси, 194-моддаси ва 195-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.