Самарқандда замонавий ўғирлик: банк ходими мижозлар пластик картасидаги 137 миллион сўмдан кўпроқ пулларни ўзлаштириб юборган
Бу ҳодиса Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкнинг Самарқанд вилояти бўлимида юз берган. Айбдор эса 1997 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган йигитлардан бири.
Суддаги материалларга кўра, судланувчи 2017 йил 20 январдан 2019 йил 18 мартга қадар Миллий банк Самарқанд вилояти бўлимининг филиалларидан бирида конверсион амалиётлар ва пластик карточкаларга хизмат кўрсатиш бўлимининг кассир-эксперти вазифасида ишлаган.
Унинг қилган ишини нафси ҳакалак отган ёки бошқа деб таърифлаш, ноўрин. Аммо шуниси аниқки, у бошқа ҳамкасбларига нисбатан уддабурон, тажрибали ва уқувлироқ бўлган. Башарти шундай бўлмаганида ўрта махсус маълумотли филиал ходимини вилоят бўлимига чақириб, унинг хизматларидан фойдаланмасди.
Судда берилган кўрсатмага қараганда, Содиқ Барноев (исм, фамилиялар шартли) Миллий банкнинг вилоят бўлимида пластик карточка чиқарадиган мослама ёки терминаллар дастурлаш мосламалари ишдан чиқса, пластик карточкалар чиқариш ва терминалларни дастурлаш ишлари билан шуғулланган.
Айни шу ҳолат Содиқнинг ўғирлик жиноятини содир этишида қўл келган. Негаки, у вилоятдаги ҳамкасбларига кўмаклашиш, қайсики, улар қилмаган балки қилолмаган ишни амалга ошириш орқали 203 та пластик картанинг паролларини билиб олишга муваффақ бўлган.
Асосий “иш” ана шундан кейин бошланган. Содиқ вақти-вақти билан "Pay me" ва бошқа тизимлар орқали жами 137 миллион 675 минг 323 сўм пулларни ўзлаштириб юборган.
Албатта, дастлабки тергов органи томонидан судланувчи С.Барноевни ўзганинг жуда кўп миқдордаги пулларини ўғирлик йўли билан талон-торож қилганликда ифодаланган ҳаракатларини Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми “а” (жуда кўп миқдорда) банди билан тўғри квалификация қилинган.
Суд айбдорга 1 (бир) йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 (икки) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг вилоят прокуратурасининг депозит ҳисоб рақамида сақланаётган 137.675.323 (бир юзи ўттиз етти миллион олти юзи етмиш беш минг уч юзи йигирма уч) сўм пуллар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки вилоят филиалига қайтарилиб, ушбу пуллар жиноят иши бўйича гувоҳ сифатида эътироф этилган пластик карточка эгаларига қайтарилиши белгиланди.
М.ТЎХТАЕВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси.
Ф.САМАТОВ.
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.