Самарқандда зайтун етиштирилади

Водий, воҳа, Тошкент ҳудудларининг тупроқ шароитидан келиб чиқиб айрим кўчатлар мос келмайди. Кўчатни шунчаки экиш эмас, уни мос келадиган ерга эксагина кутилган натижани беради. Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси томонидан Жомбой туманидаги “Боғбон” агрокомплексига ташкил этилган пресс-турда бу жараёнларни бевосита кузатдик.

24 гектар майдонда жойлашган ушбу агрокомплексда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ, суви, иқлим шароитлари ўрганилгач лаборатория синовларидан ўтган 65 хилдан ортиқ кўчатдан ерга мос келадиганлари тавсия этилади.

-  Зайтун ёғи дунёда энг қимматли ва фойдали ҳисобланади, - дейди “Боғбон” агрокомплекси ин-витро лабораторияси раҳбари Илёс Ҳайдаров. – Аммо бизда шу пайтгача зайтун етиштириш бўйича катта тажриба йўқ эди, бунга асосий сабаблардан бири зайтун нисбатан иссиқ ва денгиз бўйи давлатларида экилиши эди. Лекин секлекция натижасида совуқ иқлимга чидамли навлар ҳам яратиляпти. Жумладан, испаниялик секционерлар томонидан яратилган зайтуннинг “Орбикина” нави 22 даража совуққача чидамли бўлиб асосан ёғ олиш учун ўстирилади. 2022 йилда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида 50 гектар майдонда “Орбикина” навидан республикамиздаги биринчи зайтун плантацияси ташкил этилди. Зайтун плантацияларини кўпайтириш лойиҳаси асосида агрокомплексимизда 100 минг тупдан ортиқ кўчат тайёрланди. Ҳозирда Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой, Бандихон, Қумқўрғон туманларида зайтун боғлари жорий этилмоқда. Бунинг учун водий вилоятларининг соҳа масъуллари ҳоким ўринбосарлари, боғбонлар келиб ўрганиб кетишмоқда. Гектарига 800 туп кўчат экилади ва учинчи йилдан бошлаб 1 тонна ҳосил, ундан 300 литр ёғ олиш мумкин, ўнинчи йилга бориб ҳосилдорлик 3-4 баробаргача ортади.  

Шунингдек, агрокомплексда лаборатория текширувларидан ўтган бодомнинг кеч гуллайдиган бир неча хил нави, Европа давлатларидан 40 га яқин ток навлари келтирилди. 

Давлат раҳбарининг Озарбайжонга ташрифи давомида юртимизда “Фундук” етиштиришни кўпайтириш бўйича топшириқлар берган эди. Бу ўсимликни ҳам ўрганиб, шу ойда Озарбайжон, Туркиядан кўчатлар келтирилмоқда. 

Ёнғоқ, бодом, писта етиштириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, АҚШдан пистанинг сувсизликка, шўр ерга чидамли, тез ҳосилга кирувчи нави келтирилди. 

 Пресс-тур давомида журналистлар тумандаги “Султон Шакарбоев” фермер хўжалигида тўқсонбости усулида сабзавот етиштириш жараёнлари билан ҳам таништирилди. 

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.