Самарқанддаги 80 та маданий мерос объекти илмий-эксперт кенгаши муҳокамасида бўлди
Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг сайёр йиғилиши Самарқанд шаҳрида ташкил этилди.
Унда мамлакатимиз моддий маданий меросининг кўчмас мулк объекти сифатида давлат муҳофазасига олиниши, археологик, архитектура ва туризм масканларининг инфратузилмаларини ривожлантириш, монументал санъат асарларини асраш масалалари кенгаш аъзолари – архитектура-қурилиш соҳаси мутахассислари, санъатшунос, шарқшунос, музейшунос ҳамда тарихчи олимлар, реставратор мутахассислар томонидан муҳокама қилинди.
- Самарқандга бежиз Марказий Осиё маданияти пойтахти, дея таъриф берилмаган, - дейди Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, кенгаш раиси Турсунали Қўзиев. – Табиийки, бундай эътирофга шаҳарнинг қарийб уч минг йиллик тарихга эга эканлиги асос бўлган. Узоқ йиллик ўтмиши давомида шаҳарнинг бир неча тарихий қатламлари устида қайта-қайта бино ва иншоотлар қурилаверган. Шундай экан, бугун ёки бундан кейинги даврларда ҳам амалга оширилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишларининг шаҳар қиёфаси, тарихий-маданий қатламига зиён етказмаслигининг олдини олишимиз керак. Бунинг учун нафақат Самарқанд шаҳри, бутун республика миқёсида маданий мерос объектлари атрофида бажарилаётган қурилиш ишларига оид чора-тадбирларга хулоса берувчи илмий-эксперт кенгаши фаолият юритмоқда.
Нафақат республикамизда, балки минтақадаги энг кўп маданий мерос объектлари, тарихий ашёларга эга бўлган Самарқанднинг маданий ёдгорликлари, туризм масканларини асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга ўзининг асл анъаналари асосида етказиш бизнинг асосий вазифамиз саналади.
Кенгаш давомида олимлар томонидан маданий мерос объектларини реставрация қилиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш, пудрат ишларини амалга ошириш, уларга керакли маблағлар йўналтириш юзасидан 121 (Самарқандга оид 80) та лойиҳа ва таклифлар кўриб чиқилди ва хулосалар берилди.