Самарқанддаги "AZIA METALL PROF" МЧЖ ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 3 миллион 300 минг доллар инвестиция киритди
Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган "AZIA METALL PROF" МЧЖда металл қувурлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 3 миллион 300 минг доллар инвестиция киритилди. Лойиҳани амалга ошириш учун 1 миллион 850 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинди.
– Корхонамизда иккита цех фаолият юритмоқда, – дейди корхона раҳбари Хушвақт Зайниев. – Хитойнинг "Urumqi Tongyale International Trade Co., Ltd" компанияси билан тузилган ҳамкорлик меморандумига мувофиқ, ўтган йили металл қувурлар ва сендвич панеллар ишлаб чиқариш цехларини ишга туширдик. Металл қувур ишлаб чиқариш цехининг йиллик қуввати 30 минг тонна. Сендвич панел ишлаб чиқариш цехида ойига 30 минг квадрат метр маҳсулот тайёрланмоқда. Ҳар икки цехда 100 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда.
Айни пайтда учинчи цех қурилиши қизғин давом этаётир. Хорижлик ҳамкорларнинг 16 миллион 500 минг АҚШ доллари қийматидаги инвестицияси иштирокида махсус ишлов берилган қурилишбоп металл профил ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур металл профиллар саноат усулида ранглангани учун узоқ муддат сифатини йўқотмайди. Энг муҳими, мазкур цехда яна 300 та янги иш ўрни яратилади.
Алишер ИСРОИЛОВ.