Самарқанддаги битта корхона Қашқадарёдаги 7 минг гектар пахта майдонига хизмат кўрсатади

Жомбой туманидаги “SOF EXPO SAMARKAND” кўргазмалар марказида “AGROPRO EXPO-2023” агросаноат II халқаро кўргазма ярмаркаси давом этмоқда.

Ярмаркада ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан сақловчи воситалар павильони ҳам иштирокчиларни эътиборсиз қолдирмади.

- Биз асосан Туркия ва Германиядан ўсимликларни ҳар хил ҳашарот, зараркунанда ва касалликларга қарши кимёвий воситалар, Голландия, Испания, Германиядан ҳосилдорлиги юқори бўлган дуккакли экинлар уруғларини келтириб, маҳаллий шароитга мос натижага эришяпмиз, - дейди “Sam Agro Sentr” масъулияти чекланган жамияти етакчи агрономи Толиб Яхшибоев. – Эндиликда Германиянинг етакчи корхоналаридан бири билан ўсимликнинг баргидан озиқлантирувчи воситаларини юртимизда қўллаш бўйича келишув олиб боряпмиз. Корхонамиз мутахассис ва агрономлари республиканинг деярли барча ҳудудидаги кластер корхонаси билан ҳамкорлик олиб бормоқда. Ўтган йили шу кўргазма доирасида 10 миллиард сўмга яқин 4 та шартнома имзолагандик ва корхонамиз умумий қиймати 50 миллиард сўмлик хизматларни амалга оширди. Ҳозир кўргазманинг биринчи кунида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги “Оқсарой” кластер корхонаси билан 7 минг гектар пахта майдонига хизмат кўрсатиш учун 3 миллиард сўмлик шартнома имзоладик.

Кўргазмада қўшни вилоятларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, экспортёр ва импортёрлари, деҳқон-фермерлари, кластер корхоналари ходимлари ҳам қатнашмоқда. Бу ерда иштирокчилар учун ўзаро мулоқот қилиш, тақдимотлар ўтказиш учун ҳам имкониятлар яратилган. Кўргазма доирасида соҳа масъуллари ва мутахассисларининг аграр соҳа вакиллари билан учрашуви ҳам ўтказилиб, соҳадаги ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди.

- Аграр соҳада инновация нима учун керак, деб ўйлаган деҳқон хато қилади, - дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари в.в.б. Ф.Абилов. – Деҳқон янгилик қилмаса, инновацион технологияларни жорий этмаса, ҳар йилгидай уруғни экаман, ҳосилни олавераман, деб ўйлаши нотўғри. Бугун қишлоқ хўжалигида бутунлай янги технология, янгича услублар қўлланилмолмоқда. Жаҳоннинг соҳада етакчи давлатларида ҳам ерга нисбатан муносабат тамомила ўзгарган. Ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, тежамкор йўллар билан юқори ҳосилдорликка эришиш замоннинг талаби. Бу кўргазмада ҳам замонавий ва тежамкор ускуналар намойиш этилмоқда. Улар ёрдамида бир нечта жараённи бир вақтда бажариш мумкин. Биргина пиёз экишда биз одатий усулда гектарига 16 килограмгача уруғ сарфлаймиз. Замонавий сеялка ёрдамида гектарига 4 килограмм уруғ экиш мумкин. Мана, деҳқон эски усулда ишлаб уруғ экишнинг ўзидан зарарни бошлайди. Шунинг учун инновация қишлоқ хўжалигида долзарб ҳисобланади.

Ўктам Худойбердиев.