Самарқанддаги газета таҳририятлари сайт ва мессенжерлардаги саҳифаларини қандай юритяпти? 

Вилоят Матбуот уйида ўтказилган “Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда саҳифа (канал)лар юритишнинг ўзига хос усуллари” мавзусидаги ўқув-амалий семинар давомида шу саволларга жавоб изланди.

Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти ҳамкорлигида ташкил этилган семинар давомида “Ижтимоий тармоқ нима?” “Мессенжер-чи? “Босма нашрлар, ундан қандай фойдаланиши керак?” каби саволларга жавоб излаш баробарида вилоят, шаҳар ва туманлар газеталарининг веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлари ва мессенжерларига маълумот жойлаштириб боришнинг ҳолати таҳлил қилинди.

- Очиқ айтаман, бу галги семинар аввалгиларидан жонли, ўзаро тажриба алмашиш майдонига эга бўлганлиги, сайт, телеграм, фейсбук ижтимоий тармоқларини юритишда нималарга эътибор қаратиш зарурлигини ўзлаштиришга қаратилгани билан фарқли бўлди, - дейди Қўшработ туманининг “Истиқбол сари” газетаси бош муҳаррири Ҳусниддин Мамарасулов. – Ўқув-семинардан ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги саҳифаларимизни сифатли юритиш учун зарур кўникмаларга эга бўлдик.

Тадбир давомида семинарга таклиф этилган мутахассислар томонидан телеграм, фейсбук, инстаграм платформалари юритишнинг ўзига хос усуллари, хусусан, бу борадаги тажриба www.Zarnews.uz интернет нашри мисолида кўриб чиқилди. Иштирокчилар мавзу юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Ҳусан Элтоев.