Самарқанддаги сирли шаҳарчага саёҳат
"Буюк ипак йўли" халқаро туризм маркази очилганидан буён бу шаҳарчани бориб кўриш иштиёқидаги ҳамюртларимиз сони кўп. Пойтахтлик ҳамда самарқандлик оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Самарқанд вилоят туризм ва маданий мерос бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган пресс-тур шаҳар ичидаги мўъжаз шаҳарча ҳақида айтилмаган баъзи маълумотларни олиш имконини берди.
Марказ табиий равишда икки қисмга ажратилган - “Боқий шаҳар” мажмуаси ҳамда замонавий туризм маркази бир-бирига уйғун тарзда бунёд этилган.
“95” қаҳвахонаси, лаванда музқаймоғи, миллий брендлар
- “Боқий шаҳар” мажмуасидаги ҳар бир бино ўзига хос услуб, дизайнда қурилган, - дейди мажмуанинг арт раҳбари Елена Попова. – Ҳар бир ғишт қўл меҳнати билан тайёрланган. Қолаверса, мажмуадаги бинолар бир-бирини такрорламаган, барчаси малакали мутахассисларнинг ғоялари асосида бунёд этилган. Бу масканда мамлакатимизнинг бир неча вилоятлари номидаги кўчалар ва уларда шу вилоятга хос ҳунармандчилик устахоналари мавжуд. Шунингдек, бугунги замонавий у ёки бу шаҳарнинг “ташриф қоғози”га айланган ишлаб чиқариш маҳсулотларини намойиш этиш ҳам кўзда тутилган. Мисол учун, Фарғона кўчасида Риштон кулолчилиги, воҳа каштадўзлари иш бошлаши баробарида лаванда музқаймоқларини ҳам тайёрлаш кўзда тутилган.
Боқий шаҳарга киришингиз билан сизни “95” чойхонаси қарши олади. У ҳам рамзий маънода, халқимизнинг азалий анъанаси - “95” чойисиз бирор бир кенгаш ўтказилмаслиги рамзидир. Сирли шаҳарчани айланаркансиз, у ерда қорақалпоқ ўтовларини, ўзбек ҳовлиларининг кўркига айланган вайишлару, супалар, ҳаммаси уйғун тарзда жойлаштирилганига гувоҳ бўласиз. Баъзи кўчалардаги адрас пешайвонлар шаҳарчага ўзига хос кўрк бериб турибди.
Умуман, тор ва кенг кўчалардаги фонуслардан тортиб, ўтиргичлар, беданалару, устунли айвонлар – ҳаммаси янги услубда, аммо миллийлигимиз сақланиб қолган ҳолда ясалиб, жойлаштирилган.
Ушбу кўчаларнинг барчаси марказда жойлашган "Чорсу бозори" билан туташиб кетади.
Самарқандлик Ҳамида Иноятова миллий либос дизайнери сифатида ном қозонган. Унинг устахонасида қадим сўғд аёлларининг либосларидан тортиб, Амир Темур даври сарой аъёнлари кийимларигача мавжуд. Шунингдек, замонавий миллий либослар нозик дидли сайёҳнинг ҳам ҳайратига сабаб бўлиши табиий.
13 тоннали “Қуёш”, ноёб асарлар нусхалари
Марказнинг замонавий қисмида - эшкак эшиш канали атрофида 1200 га яқин хонага эга саккизта халқаро даражадаги меҳмонхона қад ростлаган. Улардан бири "Samarkand Regency Amir Temur" Марказий Осиёдаги биринчи беш юлдузли меҳмонхона бўлиб, жаҳоннинг етакчи меҳмонхоналари ассоциацияси - “The Leading Hotels of the World” рейтингига киради.
Туристик марказда нафақат сайёҳларни, балки ишбилармон меҳмонларни ҳам қабул қилиш режалаштирган. Конгресс марказида 3500 иштирокчига мўлжалланган 13 та конференция зали мавжуд.
- Таниқли олимлар, тарихчилар ва мутахассисларнинг ҳамкорликдаги фаолияти натижасида Конгресс маркази биносида Ўзбекистон тарихий мероси экспозицияси ташкил этилди, - дейди санъатшунос Шуҳрат Абдуллаев. – Унда юртимиздаги давлатчилик тарихини қисқа, лўнда тарзда намойиш этилишига ҳаракат қилдик. Шунингдек, "Китоб фи ҳисоб ал-ҳинд", "Китоб ал-жабр ва ал-муқобала", "Ал-Қонун фи-т-тибб", "Ал-жоме ас-саҳиҳ", "Хамса", "Зиж" ва "Бобурнома" сингари буюк асарларнинг факсимил нусхалари кўргазмада намойиш этилган.
Бугун кўпчиликнинг диққат марказида бўлган "Қуёш" номли кинетик инсталляция ҳам айнан шу бинода жойлашган. Биз унинг ижодкори билан суҳбатлашишга муяссар бўлдик.
- Мазкур инсталляцияни яратиш учун 5 ой муддат кифоя қилди, - дейди асли самарқандлик, аммо бугунги кунда Буюк Британияда ижод қилувчи ҳайкалтарош Юнус Сафардиёр. – Оғирлиги 13 тонна, радиуси 7 метрни ташкил этувчи, бронзадан ясалган мазкур қурилма ўзида Шарқ фалсафасини намоён этган. Унда имкон борича мамлакатда мавжуд шаҳарлар элементларини кўрсатишга ҳаракат қилганмиз.
“Қуёш”ни томоша қиларкансиз, гарчи номи қуёш бўлса-да, гўё ўз ўқи атрофида айланиб турган ер ва илм зиёси билан бутун оламни ёритиб турган билимни томоша қилгандай бўласиз. Умуман, ушбу фалсафий мажмуадан ҳар бир инсон ўз дунёқараши билан мазмун ва завқ олиши мумкин.
Мазкур марказга келиб, бу ердаги наботот дунёси ҳақида ёзмаслик мумкин эмас. Гарчи дарахтлар ҳали ниҳол бўлса-да, бу ердаги гулу дарахтлар улкан, 260 гектардан ортиқ майдонга ўзгача жозиба ва кўрк бериб турибди.
Мажмуа ҳудудининг учдан икки қисмида Германия, Бельгия, Италия ва Нидерландиядан келтирилган 50 мингдан ортиқ атиргул, 30 минг туп дарахт ва юз минглаб буталар экилган. Шунингдек, ўн минг туп олма, узум, анор, тутнинг энг яхши навлари, олхўри, шафтоли ва ўрик дарахтлари парваришланмоқда.
Гулруҳ Мўминова.