Самарқанддаги трамвайда саҳналаштирилган “пранк”дан кейин…

Ота-оналар узр сўради, ўқитувчилар ҳайрон, маҳалла оқсоқоли болалар учун спорт майдони зарурлигини айтди.

Самарқанд шаҳридаги трамвайда бир гуруҳ ёшлар томонидан содир этилган ҳолат, уларнинг ўзлари таъбири билан айтилганда “саҳналаштирилган “пранк” кейинги кунларда интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама этилган мавзу бўлди.

4 июль кунги воқеа тафсилотлари, уни содир этган шахслар 6 июль куни маълум бўлди. Бу ҳақда расмий маълумотлар берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ИИВ жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасининг маълумотида қайд этилишича, воқеа “Темирйўл вокзали - Сартепа” йўналишидаги 1-трамвай “Чой қадоқлаш фабрикаси” бекатида тўхтаб турган вақтида содир этилган.

Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида, трамвай ичидаги йўловчиларнинг юзига номаълум суюқлик (аэрозоль) сепган ҳолда, йўловчиларнинг ҳушидан кетишини “саҳналаштириш” ҳолати Самарқанд шаҳрида яшовчи ўзаро таниш бўлган 8 нафар вояга етмаган шахслар (5 нафари ўғил бола, 3 нафари қиз бола) томонидан ташкил этилганлиги ва улар ўртасида ушбу “саҳна”даги роллар ўзаро тақсимланганлиги аниқланди.

Саҳналаштирилган “пранк” видеоси ташкилотчиси ва барча иштирокчиларининг шахси аниқланди – улар Самарқанд шаҳридаги 33, 42, 43-умумтаълим мактаблари ўқувчилари.

Савол туғилади – ўқувчилар нега бу ишга қўл урди, улар кимнинг фарзанди, қайси маҳаллада яшайди?

– Ушбу ҳолат ҳақида маълумот олганимиздан сўнг вилоят ички ишлар, халқ таълими бошқармалари, “Маҳалала” хайрия жамоат фонди вилоят бўлим масъуллари билан биргаликда ўқувчилар таълим олаётган муассасаларда бўлдик, ота-оналар, маҳалла аҳли билан учрашдик, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши бўлим бошлиғи Ғофур Бобобеков. – Воқеанинг келиб чиқиш омиллари муҳокама этилди. Ҳеч ким бу ёшлардан бундай ҳаракатни кутмаганини маълум қилди. Албатта, бу барча учун кутилмаган ҳолат бўлса-да, аввало, Самарқанд учун ярашмаган иш бўлди. Бунинг учун ота-оналар ҳам, таълим муассасалари ўқитувчилари ҳам, маҳалла ва ёшлар ташкилоти ҳам айбдор. Кўп гапирсак-да ҳар бир боланинг таътил пайтида нима билан машғуллиги, вақтини қандай, кимлар билан ўтказаётганидан бехабармиз. Шунингдек, бугун ўтказаётган кўп-кўп маънавий тарғибот тадбирларимиз, учрашув ва мулоқотлар ҳам етарли самара бермаётганини кўрсатмоқда. Демак, ёшлар билан ишлашга муносабатни ўзгартиришимиз зарур.

– Набирам таълим-тарбиясига ҳозирча мен масъулман ва унинг бу ишга аралашиб қолгани учун узр сўрайман, – дейди воқеа иштирокчиларидан бири Р.Б.нинг бувиси Л.Муҳаммадиева. – Эътиборсизлигим, унинг ким билан дўстлашгани, нима иш билан машғуллигидан бехабарлигим туфайли бу воқеа содир бўлди. Энди набирам таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланаман.

– Бу ўқувчиларимиз мактабда яхши ўқийди, ўтказиладиган оммавий ва маданий тадбирларда ҳам фаол иштирок этади – дейди Самарқанд шаҳридаги 33-умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари Гулноза Худойқулова. – Шунинг учун мазкур хунук ҳолат ҳақида эшитганимизда аввалига ишонмадик. Ўқувчилар айни пайтда таътилда бўлса-да уларнинг бундай номақбул ишларга қўл уришига биз ҳам ўзимизни айбдор деб биламиз. Албатта, бу ўқувчилар билан ишлаш учун мураббий ҳамда психологлар бириктирилади, шу билан бирга барчамиз зиммамиздаги масъулиятни яна ҳам чуқур ҳис қилиб ишлаймиз.

Шунингдек, учрашувда ўқувчилар яшайдиган Самарқанд шаҳридаги Каттаариқ ва Юлдуз маҳалла фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари, фаоллари ҳам ҳолат юзасидан ўз фикрларини билдирди.

– Вояга етмаган ёшларнинг бу хатти-ҳаракатини ҳар биримиз қоралаймиз, уларнинг бундай ишларга қўл уриши таълим-тарбиясидаги камчилик, деймиз лекин кўпчилигимиз шу пайтгача бундай ёшлар билан суҳбатлашиб, орзу-ниятинг нима, қандай мақсадинг бор, деб сўрамаганмиз,  – дейди Самарқанд шаҳридаги Каттаариқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Меҳриддин Орипов. – Бугун – таътил пайтида болалар вақтини қаерда, қандай машғулот билан ўтказяпти – буни нафақат ота-оналар, маҳалла-кўй ҳам сўраши керак. Афсуски, маҳаллаларимизда болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун имконият йўқ. Ўзимизнинг ҳудуд мисолида айтадиган бўлсам, болалар майдончаси автотураргоҳга айланиб қолган. Шундай бўлгач, болалар қаерда ўйнасин, вақтини қаерда ўтказсин? Интернет-кафега боради, телефонида турли ўйинларни ўйнайди ва охир-оқибат мана шундай ҳолатлар келиб чиқади. Бугун масъулиятни бир-биримизга ташламасдан оила ҳам, мактаб ва маҳалла, қўни-қўшни ҳам ҳар бир бола тарбияси, келажаги учун жавобгар эканлигини ҳис қилиши керак. Бу болалар билан содир бўлган вазият барчамизга сабоқ бўлиши лозим.

Муҳокама жараёнида қайта-қайта айтилган фикр шу бўлдики бугун кўпчилик ота-оналарнинг фарзандларини бобо ва бувилари ёки бошқа шахслар ихтиёрига топшириб, хорижга ишга кетаётгани болалар тарбиясига салбий таъсир қилмоқда. Ота-она фарзанди бекаму кўст улғайишини истайди, аммо унга биринчи навбатда уларнинг тарбияси, ўгити, шахсий ибрати зарур. Ҳеч нарсадан зориқмай ўсган фарзанднинг тарбиясида кемтиклик бўлса, уни кўча муҳити тарбияласа, ота-онанинг шунча заҳмати бир пул бўлиши, орзу-умидлари саробга айланиши ҳеч гап эмас.