Самарқанддаги янги футбол академиясида қандай шароитлар яратилган?

Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида икки йилдан буён вилоят футбол академияси фаолият кўрсатмоқда.

Мазкур академия давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 7 апрелдаги “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон футбол ассоциацияси тизимидаги футбол академиялари ва футбол мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида ташкил этилган.

154 ўринли спорт-таълим муассасасининг қурилишига 35 миллиард сўм маблағ сарфланган бўлиб, ўқувчиларнинг таҳсил олиши, машғулот ўтказиши, овқатланиши ва яшаши учун барча шароит яратилган.

– Академияга қарашли уч қаватли замонавий ўқув бинода 12 та синфхона, 5 мингта китоб сиғимига эга кутубхона, 9 та маъмурият биноси, 2 та ўқув лаборатория хонаси ва ўқув зали мавжуд, – дейди вилоят футбол академияси директори ўринбосари Маъмур Дилмуродов. – Шунингдек, 154 ўринли ошхона ва ётоқхона, иккита ювиниш хонаси, тиббиёт хонаси, стандарт талабларга мос иккитадан табиий ва сунъий футбол майдони, спорт зал, тренажёр зали, 1 та сауна ва бассейн ўқувчилар ихтиёрида.

Республикадаги академиялардан фарқли равишда муассасада 23 нафар тренер,14 нафар фан ўқитувчиси қўл остида машғулотлар ва таълим жараёни биргаликда олиб борилмоқда. Яъни, эрталабки машғулотлардан сўнг 9-, 10- ва 11-синф ўқувчиларига биринчи навбатда дарс бошланади ва бу вақтда 6-, 7-, 8-синф ўқувчилари машғулотда бўлади. Соат 10:30 да қуйи синф ўқувчиларига дарс, юқори синф ўқувчиларига эса  машғулотлар бошланади.

– Беш йилдан буён футбол академиясида ўқийман, – дейди иштихонлик 10-синф ўқувчиси Алимардон Маликов. – Олдинги йилларда академияда стадионлар талабга жавоб бермасди, битта катта ётоқхонада 20 нафардан зиёд бола турарди, мактабга қатнаб ўқирдик. Ҳозир эса янги футбол академиясида барча шароит яратилган – замонавий ўқув биноси, машғулот майдонлари ва спорт зал, ошхона, ётоқхона ҳаммаси битта ҳудудда жойлашган, дарс ва машғулотларни малакали ўқитувчи-тренерлар олиб боради. Бу имконият унумли фойдаланиш керак, холос.

Академияга спортчилар саралаб олинади

Айни пайтда академиянинг 8 нафар футболчиси Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоалари асосий ва захира таркибига қабул қилинган. Шунингдек, 2006, 2007, 2008, 2009 йилларда туғилган спортчилар вилоятимизнинг “Динамо” футбол жамоаси асосий таркиби ҳамда U-19 ва U-21 гуруҳларига қамраб олинган.

– Академияга спорт мактабларининг фаол, тезкор, ақлан етук ва жисмонан бақувват, юқори натижаларга эришиб келаётган спортчилари махсус танлов асосида қабул қиламиз, – дейди вилоят футбол академияси директори ўринбосари Жасур Қудратов. – Ҳар бир машғулотни муассасамиз мураббийлари билан режа асосида ташкил  қилиб, ҳафта охирида натижаларни таҳлил қилиб борамиз. Ўтган йилда Қатарнинг “Испар” академияси фаолияти ва мураббийларнинг футболчиларни тайёрлаш методикаси билан танишдик ва академиямиздаги етти гуруҳда замонавий футбол асосида спортчиларни тайёрлаш тенденциясини йўлга қўйдик. Албатта, ҳаракатларимиз бесамар кетмаяпти. 2024 йилнинг сентябрь ойида республикадаги футбол академиялари футболчилари ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатида 2009 йилда туғилган ўсмирлар жамоамиз Ўзбекистон чемпиони бўлди. Бу ҳали ютуқларимизнинг бошланиши, келгусида мамлакатимиз терма жамоалари ва Европанинг номдор клубларига ҳам истеъдодли футболчилар етказиб берамиз.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси тасдиқлаган қўлланма асосида академия футболчиларининг ўсиш динамикаси назорат қилиб борилади ва ҳар олти ойда аттестациядан ўтказилади. Борди-ю футболчининг натижаси қониқарсиз бўлиб бораверса, улар билан хайрлашиб, янги иқтидорлар академияга жалб қилинади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.