Самарқанддан пойтахтгача: Регистонга келган самарқандликлар, лайлаклар маскани, яшараётган Тошкент
Хориждаги таниш-билишлар бизда байрам кўп, шу туфайли дам олиш кунлариям узайиб кетади, деса ҳайрон қолардим. Нега улар бунчалик дам олишга кўп эътибор бераркан, ваҳоланки у давлатларда одамлар «Вақт тиғиз, мудом ҳаракатда бўлмасанг, яшашга қийналасан», деган принцип билан яшайди-ку. Дам олиш кунлари улар албатта оилавий саёҳатга ёки бирор жойда сайр қилишни одат қилишган.
Тўғриси, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳам байрамлар муносабати билан дам олиш кунлари узайгани аввалига кўпчиликка ёқмагандай бўлди. Назаримда, ҳозир вазият анча ўзгарди.
Регистонни илк бор кўраётган самарқандликлар бор
Буни байрам муносабати билан биргина Самарқандга келаётган юртдошларимиз сони йилдан йилга ошаётганидан ҳам билса бўлади. Шу йил бошида Регистон мажмуаси гидлари билан суҳбатлашганимда, улар қизиқ фикрни айтишганди. "Регистонга маҳаллий сайёҳлар ташрифи ортгани рост. Ҳатто Самарқандда, туманларда яшаб Регистонни кўрмаганлар жуда кўп эканлигига гувоҳ бўлдим. Байрам муносабати билан берилган дам олишлар аҳолида сайёҳликка кўникмасини шакллантирди. Одамлар ота онаси, оиласи, яқинларини тарихий шаҳарларга айлантиришга одатланишди. Бу- инсон руҳиятига, оилавий муносабатлар, қолаверса, ишчанликка ҳам яхши таъсир кўрсатади", дея фикр билдирганди.
Пойтахт яшармоқда
Ўзим Мустақиллигимиз байрамидаги дам олиш кунларида Тошкент шаҳрида бўлдим. Тўғриси, азим пойтахтимиздаги ўзгаришлар кишини қувонтирмай қолмайди. Бундан бир неча йил аввал пойтахтимизда саноқли дам олиш масканлари бор эди. Борлариям вилоятимиз даражасидаги, бориб кўришга кўпам арзимайдиган масканлар эди. Бугун уларнинг сони кескин ортган. Киши истагига қараб ҳордиқ чиқариши мумкин. Бу нафақат болалар, балки катта ёшлиларни ҳам хурсанд қилади. Хориждаги таниш оилалар айтган аксарият аттракционлар, кўнгилочар масканлар бугун пойтахтимизнинг қатор боғларига кўрк қўшиб турибди.
Эътиборли томони, уларнинг барчаси гавжум. Турли вилоятлардан келган оилалар, болаларнинг қувончли ҳайқириқлари кишига завқ беради.
Журналистлик синдромими, ишқилиб, қизиқувчанлигим боис одамлар билан тез мулоқотга киришаман.
- Тошкентнинг қайси масканига бормай, чиройли манзара, дид билан қад кўтарган боғлар баҳри-дилингни очади, - дейди бухоролик Мукаррам Холиқова. - Ҳар йили болаларим билан дам олиб кетамиз. Менга айниқса, бу ердаги тартиб жуда маъқул. Навбатлар ҳам, одамларнинг муомала маданияти ҳам ҳаммаси жойида. Янги боғлардаги гўзалликларни-ку, айтмасам ҳам бўлади. Биз болалигимизда нафақат пойтахт, балки вилоят марказимиздаги боққа ҳам аҳён-аҳёнда борардик. Ҳозир болалар бахтли, деб ўйлайман.
Лайлаклар - тинчлик рамзи
Дарвоқе, Самарқанддан Тошкентга машинада борарканман, йўл-йўлакай ўзгаришлар ҳам диққатимни тортди. Дейлик, бир пайтлар оддийгина ҳожатхона ҳам йўловчилар учун муаммо эди. Ҳозир бу ҳақда гапириш ҳам шартмас. Аммо туризм ривожида айтиш керакки, катта трассаларда ҳам сайёҳларни йўл-йўлакай, Самарқандга келгунича, қизиқтириб келадиган масканларни бунёд этиш мумкин.
Дейлик, Жиззах вилояти. Бу ерда туризмнинг элементлари жуда кўп. Яхши биласиз, Жиззах сомсаси билан яхшигина машҳур. Ушбу сомса тайёрланиши билан боғлиқ жараёнлар сайёҳларга намойиш этилса, назаримда кўпчиликка қизиқ бўлади.
Кейинги вилоят – Сирдарё. Кўпчилигимиз Сирдарё ҳудудида лайлаклар кўп эканлигига гувоҳ бўлганмиз. Шу ҳудудларнинг бирида лайлаклар рамзига хос бўлган бирор маскан очилса, яхши бўларди, назаримда. Мисол учун, лайлак уяси услубидаги қаҳвахона бўлса-ю, у ерда вилоятда лайлаклар кўплиги сабаблари ҳақида тушунтирадиган ҳужжатли фильм доим намойиш этилса.
Қолаверса, ушбу икки вилоят полиз экинлари билан машҳур. Қовун-тарвузларнинг ўзига хос кўргазмаси доимий намойиш этиладиган кичик бўлса-да замонавий маскан ташкил этилса, нур устига аъло нур бўларди. Шунда эҳтимол, хорижлик сайёҳлар ҳам Тошкентдан Самарқандга чипта топиш қийин бўлган "Афросиёб"да эмас, йўл машиналарида келишни ихтиёр этармиди?
Оталар меҳрини кўрдим
Саёҳат давомида яна бир жиҳат эътиборимни тортди. Кўпчилик оталар болаларига анча эътиборли бўлганига, уларнинг майда инжиқликларига ҳам ўзлари туриб бераётганига гувоҳ бўлдим. Атрофимдагилар ҳам бу фикримни тасдиқлашди. Боласи сал йиғласа, онасига "ол, бунингга қара", деб эмас, ўзлари фарзанди билан тил топишаётган оталарни кўриш, уларнинг кўпаяётгани кишига таскин беради. Эҳтимол, бу ҳам байрам кунлари дам олишларнинг кўпайиб, уларнинг оиласига кўпроқ вақт сарфлаётгани натижасидир. Эҳтимол, бошқа сабаблар ҳам бордир.
Аммо шахсан ўзим дам олиш кунлари нафақат чиройли масканлар, балки узоқ йиллардан бери кўрмаган қариндошларимиз билан кўришиб, дийдорлашганимдан кўпроқ завқ олдим. Яна бир карра амин бўлдикки, қариндошлар дийдори ҳам кишига куч, ишонч бераркан. Меҳр ришталарини мустаҳкамроқ боғларкан. Ота-онамизнинг яқинлари билан суҳбат ҳам уларнинг кўнглига яқинлик, уларни хурсандчилигига сабаб бўларкан.
Шундай, дам олишни шунчаки ўтказманг, бир яқинингизни яхши сўз билан йўқлаб бориш ҳам бахт экан, аслида.
Байрам муносабати билан дам олиш кунлари узаяётгани сабабини тушунгандай бўлдим. Телефону, компьютер клавишлари аро кечаётган бугунги шиддатли давр меҳр номли туйғуни тансиқ неъматга айлантириб қўйгани рост. Улардан дам олиш кунлари батамом қутулиб, атрофга, одамларга, яқинларингга кўпроқ вақт сарфлаш имкони бор. Шу имкон бизнинг асосий кучимиз манбаи бўлса ажабмас.
Гулруҳ Мўминова.