Туркия сафари: Эрдоған ва Мирзиёев туғилган ҳудудларнинг ўхшаш жиҳати нимада?

Ўтган галги мақолаларимизда Туркиянинг Трабзон ҳудуди бўйича саёҳатларимиз таассуротларини баён этган эдик. Саёҳат манзили бўлган кейинги шаҳар – Ризега ўтишдан аввал Трабзонда юз берган айрим воқеаларни айтиб ўтиш жоиз. Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилган мазкур тур-саёҳат давомида Трабзоннинг маданият ва туризм бошқармаси раҳбари билан ўзбекистонлик ва қирғизистонлик журналистлар учрашуви ҳам бўлиб ўтди.

- Трабзонда 245 та меҳмонхона бўлиб, бир йилда 800 мингга яқин сайёҳ ташриф буюрмоқда, - дейди Трабзон вилояти маданият ва туризм бошқармаси раҳбари Тамер Эрдўған. -  Бу ерга араб давлатларидан келувчи сайёҳлар катта қисмни ташкил этади. Хусусан, Саудия Арабистони, Қувайт, БАА каби мамлакатлардан келувчилар жуда кўп. Умид қиламизки, Ўзбекистон ва Қирғизистондан ҳам бу ерга келувчилар сони келгусида кўпаяди. Ушбу давлатлар билан мамлакатимиз дўстлиги бизни хурсанд этади.

Нафақадаги аёллар ҳунар ўрганишади

Одатда биз касб-ҳунарга ўргатиш ҳақида гап кетганда асосан ёшларни назарда тутамиз. Аммо Трабзондаги "Алажаҳон" ҳунармандлар марказига борганимизда бу ерда кўпроқ ёши катта онахонларни учратдик. Марказда ўнлаб ҳунармандчилик турлари бўйича аёллар машғулот ўтишади.

- Марказда хаттотлик, сават тўқиш, каштачилик, заргарлик, турли кўринишдаги суратлар ясаш каби ўнлаб ҳунарлар бепул ўргатилади, - дейди мазкур марказ менежери Фатма Аджиже. - Айниқса, заргарлик тўгараги жуда машҳур. Негаки, Трабзон азалдан кумуш қазилма бойлигига эга экани ва ундан тақинчоқ ясаши билан машҳур. Қўл меҳнати билан ясаладиган тақинчоқлар ясашни аёллар камида уч ой давомида ўрганиб олишади. Марказимиз 2010 йилда ташкил этилган. Илгари ёш қизлар орасида ҳунар ўрганмоқчи бўлганлар кўп эди. Аммо ҳозир пенсия ёшидаги аёллар кўпроқ ҳунар ўрганишга қизиқиш билдирмоқда.

Гумушане, яъни кумушга бой деб номланувчи ҳудуд ҳам айнан Трабзонда. Бу ерда гўё ингичка иплар билан ишлагандай, кумуш ва тилла толаларидан турли тақинчоқлар ясалади. Дарвоқе, бундай кумуш бошқа жойда учрамас экан.

Туркияга икки президент ва бир бош вазирни тарбиялаб берган ҳудуд

Туркия шимолидаги яна бир шаҳар - Ризе амалдаги президент, Эрдоған туғилиб ўсган жой сифатида танилган бўлишига қарамай, ушбу шаҳарни машҳур қиладиган томонлари жуда кўп. Ризе биринчи навбатда чой шаҳри сифатида машҳур.

Бу шаҳарда 15 та йирик чой фабрикаси бор.

1917 йилда Ризеда чой яхши ўсиши аниқланган бўлиб, ушбу ўсимлик бу ерга Батумидан кириб келинган. 1937 йилдан бошлаб Туркия шимолида муҳим иқтисодий ўсимлик ҳисоблаб келинмоқда.

Туркияда биринчи чой фабрикаси 1947 йилда ташкил этилган. Гарчи чой етиштириш ва ишлаб чиқариш соҳаси янги бўлса-да, мамлакат дунё бўйича бу масалада 5-ўринда туради. Чой истеъмоли бўйича эса биринчи ўринда. Бу ерда бир йилга киши бошига 4 килограмдан чой истеъмоли тўғри келади.

Дарвоқе, мутахассисларнинг айтишларига қараганда, бир йилда уч марта - май, август, сентябрь ойларида чой ҳосили йиғиб олинади.

Тарихий жойлар сифатида XVI асрга оид Ислом Пошо масжиди ва Генуя қалъаси харобаларини эътироф этиш мумкин. Лекин Ризенинг асосий бойлиги шаҳар ташқарисида. Булар - қарағайзорлар, ям-яшил ўтлар билан қопланган тоғлар, атрофдаги тоғларнинг ажойиб манзарасини тақдим этадиган Кавказ типидаги икки қаватли саклялар, тоғ дарёлари устидаги тепаликли тош кўприклар ва даралар бўйлаб қурилган ёғоч кўприклар.

Ўрмонли тоғлар билан ўралган водийнинг ўртасида жойлашган Узупғол кўли сизни тасвирлаб бўлмайдиган гўзаллик дарасига олиб боради. Бу ерда икки президент туғилган: Режеп Эрдоған, шунингдек, мамлакатнинг собиқ президенти, 1966-1973 йилларда мамлакатни бошқарган Жевдет Сунай. Тўғриси, бу маълумотни эшитар эканман, дарҳол мамлакатимиз раҳбари, Шавкат Мирзиёевнинг туғилиб ўсган манзили хаёлимда жонланди. (Четда бўлсангиз, беихтиёр ҳар бир манзара ва воқеани ўзимизнинг юрт билан таққослайверар экансиз). Жиззахнинг Зомин тумани ҳам худди шундай гўзал ва пурвиқор тоғлари, ям-яшил арчалари-ю, соф ҳавоси билан машҳурлигини таъкидлаб ўтдим, ҳамроҳларимга. Эҳтимол, тоғ кишиларига хос сабот, ирода, қатъият инсонда лидерлик хусусиятларини янада яхшироқ юзага чиқарар.

Зилқалъа – тоғ устидаги ноёб иншоот

Шунингдек, бу ерда турклардан ташқари, ҳали ҳам лаз миллатига мансуб аҳоли яшайди. Улар асосан XV асрда исломни қабул қилган грузинлар бўлиб, ажарларга яқин.

Лазлар афсонавий Колхида аҳолисининг ҳақиқий авлодлари эканликлари билан фахрланадилар, лекин улар асосан турк тилида гаплашади. Аммо уларнинг талаффузи турклар учун қийин.

Туркиянинг шимоли-шарқидаги Ризе вилоятининг Чамлиҳемшин туманидаги тарихий Зилкале қалъаси маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни ўзига тортмоқда. Ушбу қалъани томоша қиларкансиз, нақ ўрта асрларга тушиб қолгандек ҳис этасиз ўзингизни. Қалъа Чат водийсида, Ризе шаҳридан 15 километр узоқликда жойлашган.

Баъзи маълумотларга кўра, қалъа XIV-XV асрларда карвон йўлларини қўриқлаш мақсадида қурилган. Денгиз сатҳидан 750 метр баландликда жойлашган.

Дарвоқе, бу ерда ўзига тоғ орасидан оқиб ўтувчи катта сойликда рафтингда учиш имкони бор. Ҳатто декабрнинг ўрталарида ҳам бу хизматдан фойдаланиш мумкин эди ва биз бундан олам-олам таассурот олдик. Қишнинг ўртасида ҳам тоғларнинг ям-яшиллиги, мандаринларнинг пишиб, ерга тўкилиб ётиши, ям-яшил тоғлар орасидаги улкан шаршаралару, қадим қалъалар бу ерга яна келиш истагини туғдиради кишида.

Гулруҳ МЎМИНОВА.