Самарқанддан спорт хабарлари
Гандбол
Самарқанд шаҳрида гандбол бўйича 2008-2009 йилларда туғилган ўғил ва қиз болалар ўртасида Ўзбекистон гандбол федерацияси соврини учун очиқ турнир ўтказилди.
Унда вилоятимизнинг ўғил болалар жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринни Андижон ва Наманган вилояти ёшлари эгаллади. Қизлар беллашувида хоразмликларга тенг келадигани топилмади. Иккинчи ўрин самарқандликлар ва учинчи ўрин наманганлик спортчиларга насиб этди.
Мусобақа иштирокчилари орасидан энг кучлилари 2025 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган IV ёшлар ёзги Осиё ўйинларига саралаб олинди.
Шахмат
Самарқанд шаҳрида вилоят прокуратураси ходимлари ўртасида вилоят шахмат федерацияси мураббийлари ҳакамлигида шахмат бўйича “Вилоят прокурори” кубоги ўтказилди.
Ақл чархида 7 тур натижаси бўйича вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси А.Ваҳобов биринчи ўринга сазовор бўлди. Прокуратура бўлим катта прокурорлари А.Шамсиқулов иккинчи, С.Юсупов учинчи ўринни эгаллади.
Футбол
Болалар футболини ривожлантириш мақсадида “Динамо” стадионида “Оммавий футбол куни”га бағишлаб футбол фестивали ташкил этилди.
Байрамона руҳда ўтган фестивалда вилоятимизнинг барча ҳудудларидан келган 100 нафар футболга қизиқувчи ўсмир ўғил-қизлар ўзаро майдонда тўп билан машқ қилишди.
Таэквон-до ВТФ
Самарқанд шаҳрида таэквон-до ВТФ бўйича 2004-2009 йилларда туғилган болалар ўртасида “Мароқанд-2021” очиқ турнири бўлиб ўтди.
Унда вилоятимиз спортчиларидан ташқари, Тошкент, Навоий, Сурхондарё вилоятидан, Тошкент шаҳридан ва Қозоғистон ҳамда Қирғиз республикаларидан 200 нафарга яқин таэквондочилар ўзаро баҳс олиб борди.
Якунда умумжамоа ҳисобида самарқандликларнинг қўли баланд келди. Иккинчи ўринга Тошкент шаҳри ёшлари эга чиқди. Қозоғистонликларга учинчи ўрин насиб этди.
Таэквон-до ИТФ
Самарқанд шаҳрида таэквон-до ИТФ бўйича вилоят очиқ чемпионати ўтказилди.
Унда вилоятнинг барча шаҳар туманларидан 120 га яқин 6-17 ёшгача ўғил болалар ва қизлар беллашди.
Мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Ургут туманидан келган спортчилар биринчи ўринга сазовор бўлди. Тойлоқ тумани ҳамда Самарқанд шаҳри таэквондочилари иккинчи ва учинчи ўринни эгаллади.
Садриддин Муҳаммадиев.