Самарқандга олти ойда қанча сайёҳ келди?
Шу йилнинг январь-июнь ойларида вилоятга 2 миллион 546 минг нафар маҳаллий ва 1 миллион 106 минг нафар хорижий сайёҳ келган.
Йил охиригача 2,1 миллион нафар хорижий ва 4,5 миллион нафар маҳаллий сайёҳ жалб этилиб, туризм хизматлар экспортини 312 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Вилоят маданият ва туризм бошқармаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, хорижлик сайёҳларнинг Самарқандда қолиши ўртача 2,7 кунни ташкил этади. Хорижлик ҳар бир сайёҳ бир кунда ўртача 85 доллардан 250 долларгача маблағ сарфламоқда.
Айни пайтда вилоятда сайёҳлар учун 15 минг 606 ўринли 570 та жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар) хизмат кўрсатмоқда. 2023 йилда умумий қиймати 5,9 триллион сўмлик 180 лойиҳа ишга туширилиб, туризм ва унга йўлдош хизматлар кўрсатиш соҳасида 5,5 мингта янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Жумладан, 55 та жойлаштириш воситалари, 41 та дам олиш ва кўнгилочар масканлар, 45 та умумий овқатланиш ва 39 та бошқа туризм лойиҳалари амалга оширилади.
2023-2024 йилларда туризмни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади. Унга кўра, Самарқанд туризм маркази имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда 50 дан ортиқ халқаро тадбирлар ўтказилади. Имом Бухорий ва Ад-Дорамий зиёратгоҳларида олиб борилаётган қурилиш ишларини тўлиқ якунлаб, фойдаланишга топшириш орқали сайёҳлар сони оширилади. Ургут, Пайариқ, Самарқанд туманлари маҳаллаларида туризм хизматлари ривожлантирилади.
“Музейлар квадрати”ни ташкил этиш орқали бой маданий меросимизни кенг намойиш этиш йўлга қўйилади.