Самарқандлик 20 ёшли йигит иккинчи марта автомобиль билан боғлиқ жиноятни содир этди
Судланувчи Қаҳрамон Ботиров илгари жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 21 июндаги ҳукмига кўра, Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳақидаги 266-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва унга 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 22 февралдаги ажрими билан ўталмаган 2 йил 9 ой 1 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси шу муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.
Озодликни чеклаш жазосини ўташ давомида навбатдаги жиноятни содир этган. Бу сафар у судланувчи Абдумалик билан жиноий тил бириктириб, Самарқанд шаҳрида, танишларининг уйи ёнида қолдирилган “ВАЗ-2106” русумли автомашинани олиб қочган.
Икковлон мазкур транспорт воситасининг бир донасининг баҳоси 80 АҚШ долларлик “Пионер” номли магнитафонини, бир жуфт - баҳоси 500 минг сўмлик “Kenwood” номли колонкасини, бир дона - 50 АҚШ долларлик овоз кучайтиргич ускунасини ва баҳоси 850 минг сўмлик автомашина калитлари жамланмасини ҳамда ушбу автомашинанинг қўлқоп қутиси (бардачок)да турган, баҳоси 1 миллион 500 минг сўмлик кумуш занжирини, жами 13 миллион 169 минг 87 сўмлик мол-мулкларини талон-торож қилади.
Бундан ташқари, автомашинанинг қўлқоп қутиси (бардачок)да турган мазкур автомашинанинг қатъий ҳисобда турувчи автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасини, жабрланувчининг фуқаролик паспортини, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талонини, суғурта полисини ғаразгўйлик ва бошқа паст ниятларда йўқ қилиб юборишган. Автомашинани эса Самарқанд шаҳридаги таниши Насриддиннинг яшаш уйига олиб бориб, яшириб қўйишган.
Халқимизда “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деган гап бор. Қаҳрамон бунинг нечоғлик теран мазмунга эгалигини ўз тақдири мисолида гувоҳи бўлди. Бир ҳафтага қолмай, машина эгасига қайтарилди. Аммо...
Суднинг ҳукмига кўра, Қаҳрамон 1 йил 2 ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга 6 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгилаб қўйилди.
Ж.ҒАЙБУЛЛАЕВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси.