Самарқандлик ҳоким ўринбосарлари Россия корхоналари билан шартномалар имзолади

Айни кунларда вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Ходжаев бошчилигидаги Самарқанд шаҳар, Пахтачи ва Нуробод туманлари ҳокимларининг ўринбосарлари, инвестициялар ва ташқи савдо бўлимлари бошлиқлари ҳамда тадбиркорлардан иборат делегация Россия Федерациясида бўлиб турибди.

Дастлабки ташрифни Саратов вилоятидан бошлаган вакилларимиз вилоят раисининг биринчи ўринбосари В.Ойкин, масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар билан учрашувдан бошлади.

Музокаралар давомида икки томонлама ижтимоий-иқтисодий алоқаларни, жумладан, ташқи савдо ҳамда вилоятимиз саноатига инвестициялар киритиш борасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчиларга Самарқанд вилоятининг инвестиция, экспорт ва туризм салоҳияти ҳақида маълумотлар берилди.

Якунда Саратов вилояти Савдо-саноат палатаси иттифоқи билан Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик Форумига тайёргарлик кўриш бўйича меморандум имзоланди. Саратов вилояти ҳукумати билан ҳудудда қурилаётган янги логистика-савдо мажмуасида самарқандлик тадбиркорлар учун алоҳида савдо уйини ташкил этиш, маҳсулот экспорти учун зарур шароитларни яратиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Делегациямиз аъзолари Саратовдаги “Ренова” компаниялар гуруҳига кирувчи “Аэропорты регионов” компанияси томонидан қурилган “Гагарин” халқаро аэропортида бўлиб, унда йўловчиларга яратилган қулайликлар билан танишди.

 

Москва шаҳридаги маҳаллий тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан ўтказилган учрашувларда “Логистика” МЧЖ ҳамда логистик-сақлаш хизматларини кўрсатувчи “Четыре сезона” корхонаси билан вилоятимиздан мева-сабзавот, дуккакли ва полиз эканларини экспорт қилиш, Москва шаҳридаги “Ренова” компаниялари бошқарув гуруҳи билан қуёш энергетикаси, қурилиш, туризм, қишлоқ хўжалиги йўналишларини ривожлантиришда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

“Сколково” инновация марказида бўлган делегациямиз Сколково илмий-технологиялар институти, Москва халқаро медицина кластери ҳамда “HADASSAH” тиббиёт маркази фаолияти билан танишди. Мазкур ташкилот раҳбарлари билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф давомида Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Sifobaxsh Sifat Mahsulotlari” МЧЖ ва Москванинг “Сатурн” МЧЖ ТК ўртасида халқ истеъмоли товарларини экспорт қилиш бўйича 200 миллион рубллик ҳамда “DAKA-INTEX”  МЧЖ  ва “Белое солнце” МЧЖ ўртасида трикотаж маҳсулотлари экспорт қилиш бўйича 2 миллион долларлик шартномалар имзоланди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.