Самарқандлик меҳнат фахрийлари тақдирланди

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг шу йил 27 майдаги қарори билан мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиз, шунингдек, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш ва фарзанд таълим-тарбиясига бағишланган, жамиятимизда ҳурмат қозонган фахрийларнинг бири гуруҳи “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Жумладан, Самарқанд вилоятидан 81 нафар нуроний I, II, III даражали “Меҳнат фахрийси” бу ушбу мукофотга лойиқ кўрилди.

Бугун Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида вилоят фаоллари иштирокида нишонларни тантанали топшириш маросими ўтказилди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов мукофланган фахрийларни табриклаб, юртимизда кекса авлод вакилларини ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.

– Президентимизнинг юртимизда яшовчи нуронийларга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрликлари туфайли ҳар йили муҳим қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда – деди Э.Турдимов. – Жумладан, жорий йил 11 мартда қабул қилинган “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор асосида фахрийлар бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди. Сизларнинг бой ҳаётий тажрибангиздан фойдаланиш, ижтимоий фаоллигингизни ошириш мақсадида “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ ёшлар маҳалладаги ҳаётий тажрибага эга бўлган, замонавий фикрлайдиган фаол нуронийларга бириктирилди. Маҳаллалардаги “Кексалар маслаҳат гуруҳлари"нинг фаолияти жонланди. Оилаларда маънавий муҳитни соғломлаштириш, нотинч оилалар билан ишлашда ҳам нуронийларимизнинг ўрни ошиб бораётгани қувонарли албатта. Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор” деган гап бекор айтилмаган. Чиндан ҳам қайсики хонадонда кекса отахон ва онахонларимиз бўлса, бу уйнинг файзи, баракаси бошқача бўлади, болалар бобо ва момолари панд-насиҳатини эшитиб, уларнинг дуосини олиб, баркамол инсонлар бўлиб ўсади.

Маросимда фахрийлар сўзга чиқиб кўрсатилаётган ҳурмат, эътибор учун миннатдорлик билдирди.

– Бир умр давлат идораларида ишладим, иқтисод соҳасида меҳнат қилдим, – дейди I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби, қўшработлик Ўрозқул Эгамов. – Касбим туфайли обрў-эътибор топдим, элнинг ҳурматини қозондим. Юзлаб шогирдлар тайёрладим. Яратганга шукр, муборак Ҳаж амалларини бажариб келиш насиб этди. Умуман, ёшликда меҳнат қилиб, кексайганда унинг роҳатини кўриш насиб этган фахрийлардан бириман. Бугунги эътирофдан ҳам бошим кўкка етди. Бугун юртимизда яшаётган кексалар ҳам, ёшлар ҳам ҳар кунимиз учун шукрона айтишимиз керак. Давлатимиз ўз фуқаролари учун жуда катта имкониятлар яратиб берди, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаяпти. Бунинг қадрига етиш керак.

Фахрийларнинг суҳбати бир пиёла чой устида давом этди.