Самарқандлик олима дунёдаги энг нуфузли аёллар рўйхатига киритилди
2018 йил ВВС маълумотига кўра Самарқанд давлат университети олимаси Лейля Белялова дунёдаги энг нуфузли 100 нафар аёллар рўйхатига киритилди ва Ўзбекистонда ўтказилган “Йил аёли“ кўрик-танловида учинчи ўринни эгаллади.
Шу жиҳатдан 2018 йил олима учун жуда омадли келди, дейиш мумкин. Аммо бу натижалар бир йиллик эмас, узоқ йиллик фидокорона меҳнатлар маҳсулидир.
Лейля Белялова узоқ йиллардан бери Самарқанд давлат университети экология ва табиатни муҳофаза қилиш кафедрасида доцент лавозимида меҳнат қилиб келмоқда. У Марказий Осиё ва Жаҳон банки лойиҳасининг раҳбари ва ижрочиси бўлган. 2002 йилдан 2017 йилгача аҳолининг экологик маданиятини ошириш, табиатни муҳофаза қилиш ва экологик таълимга йўналтирилган 18 та лойиҳа ишларининг бажарилишида фаол қатнашди. Бундан ташқари, Лейля Белялова “Ўзбекистоннинг энг муҳим орнитологик ҳудудлари“ бўйича Ўзбекистондаги таълим ва экологик дастурларнинг мувофиқлаштирувчиси ҳисобланади.
Олима 2006 йилдан бошлаб университет қошидаги “Фламинго“ талабалар орнитологик клубига раҳбарлик қилмоқда. “Зарафшон“ экологик нодавлат нотижорат ташкилотлари раисининг ўринбосари, талабалар ва қишлоқ аҳолисининг экологик маданиятини ошириш билан боғлиқ ишларда фаол. 2017 йилда “Birdlife International“ халқаро табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти “Nature Heroʻs“ унвонига сазовор бўлди.
– Мен илм-фанда озми-кўпми нимагадир эришган бўлсам, қадрдон университетим жамоаси, устозлар, ҳамкасб ва шогирдларим туфайли эришдим ва мен улардан миннатдорман, – деди Лейля Энверовна. – Улар мени илмий-педагогик фаолиятда, тадқиқотлар олиб боришда қўллаб-қувватлаб турибди.
Лейля Энверовна шунингдек, Зарафшон миллий табиат боғида “Зарафшон қўриқхонаси қушларининг биологик хилма-хиллиги ва экологияси“ мавзусида илмий тадқиқотлар олиб боради. У халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг (ИУCН) ишчи гуруҳи аъзоси ҳамдир. Л.Белялова раҳбарлигида ва фаол иштирокида сўнги уч йил ичида халқаро илмий, таълимий ва экологик дастурларнинг ажралмас қисми бўлган экологик тадбирлар ўтказилди, “Халқаро сув ва ботқоқлик қушларини рўйхатга олиш – ер юзидаги энг йирик биологик хилма-хиллик мониторинги дастури“, “Бутунжаҳон экологик акцияси – кузги қушларни кузатиш куни“, “Sprig alive – халқаро индикатор қушларни ҳисобга олиш“, “World Migratory day – кўчиб юрувчи қушларни ҳисобга олиш“ халқаро дастури шулар жумласидандир.
Ҳусниддин БОЙМУРОДОВ, профессор. Шарофат БЕКТОШ қизи, доцент.