Самарқандлик профессор 900 миллион сўмлик грант соҳиби бўлди
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан фундаменталь лойиҳалар танлови эълон қилинган эди. Унда Самарқанд давлат университети профессори, физика-математика фанлари доктори Рустам Ибодов Эйнштейннинг “Қора туйнуклар” (Black Holes) ва “Юмронқозиқ инлари” (Wormholes) тенгламалари учун янги ечимлар лойиҳаси билан иштирок этиб, 899 990 000 сўм миқдорида грант ютиб олди.
- Лойиҳанинг асосий мақсади модернизацияланган Эйнштейн тенгламаларидан фойдаланиб, “Қора туйнук” ва “Юмронқозиқ инлари” ечимини топишга қаратилган, - дейди Рустам Ибодов. – Ушбу лойиҳада Scopus ва Web of Sceince базаларига кирувчи халқаро журналларда илмий мақолалар чоп этиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатилган.
Шу билан бирга, лойиҳада иштирок этаётган ёш олимларнинг PhD ва DSc илмий даражалари ҳимояси режалаштирилган. Лойиҳага Германиянинг Олденбург университети профессори Ютта Кунз ҳаммуаллифлик қилмоқда.
- Рустам Ибодов Самарқанд давлат университети назарий физика мактаби асосчиси, - дейди тадқиқотчи Сардор Муродов. - Домла бошчилигидаги лойиҳада жами 4 киши қатнашиб, грант соҳиби бўлдик. Бу барчамизнинг илмий фаолиятимиз қамрови кенгайиши ва ривожланиши учун хизмат қилади. Келажакда бу йўналишдаги тадқиқотларни янада кенгайтириб, ўзбек назарий физика мактабини дунёга танитмоқчимиз.
Беҳруз Шамсиддинов.